19:29 / 05.05.2018
149887

Нега ваҳшийлашиб кетяпсан, одамзод?

Охирги пайтларда интернет саҳифаларини кузатишдан, унда бериладиган жиноятлар ҳақида ўқишдан, одамларнинг бир-бири билан тортишиб, шахсиятига лой чаплашидан чарчадим.

Узоқ ўтмишни билмадим-у, аммо мустақиллик даврида  - бундан бор-йўғи 5-6 йиллар муқаддам оилавий низо, қотиллик ёки  талончилик ҳақидаги хабарлар онда-сонда қулоққа чалинарди. Замоннинг зайлини қарангки, бугунги  кунда ташландиқ чақалоқ, болафуруш она, падаркуш фарзанд ёхуд...Бу жумлаларни ўқиб, этингиз жунжикади, ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Қачон бунчалар ваҳшийлашишга улгурдик экан, ўзи бизга нима етишмаяпти, деб ўйланиб қоласан киши.

Бугун дунё бозорида ҳамма нарса, ҳатто, меҳр ҳам сотилади. Тўғри, ундай меҳрда самимият бўлмаса-да, унинг ҳам бозори бор. Баъзан мункайиб, белидан қувват, танидан соғлиқ ариган ва бир неча фарзандни ўстирган ота ёки отани улардан бирортаси, ҳа лоақал бирортаси парвариш қилолмайди. Хотиржамлигини ўйлаган ҳолда бир инсонни қаровчиликка ёллайди. У ота-онанинг атрофида гирдикапалак бўлса-да, аммо унинг бирор ҳаракатида самимият сезилмайди, меҳрлар ҳам шунчаки юзаки. Аммо онанинг меҳри ҳамиша ҳаққоний, уни ҳеч нарсага тенглаштириб бўлмайди. Ҳар ҳолда биз шу кунгача шундай деб ҳисоблаганмиз...Аммо, орамизда бемеҳр, фарзандининг қадрини пул билан ўлчайдиган, тўққиз ой вужудида сақлаган жонни буюмдек сотадиганлар ҳам бор.

Фото: Давлат божхона қўмитаси

Шу йил февралининг айни изғирин кунида Ўзбекистон Божхона қўмитасининг Андижондаги постларидан бирида 23 кунлик чақалоқ олди-сотдиси амалга оширилаётганлиги ҳақида аниқланди. Марҳаматлик аёл ўз онаси (яъни чақалоқнинг бувиси билан бирга) Булоқбоши туманида истиқомат қилаётган аёлга ўз фарзандини салкам 5000 долларга (4.500 АҚШ доллари ва 4 млн. сўм олинган) сотаётганда далилий ашёлар билан бирга қўлга олинган. Энг ёмони савдо пишгунича, болакай совуқда онаси билан анча тентираган, митти қўллари совқотиб, юзлари қизарган. Наҳотки, у бошқа болалар сингари совуқни  иссиққина уйда, онасининг меҳр тафти ила қаршилашга ҳақли эмасди. Унинг қадри бир сиқим долларга тенгмиди?

Ҳа, бу бир мисол-да. Орамизда шундай инсонлар ҳам учраб туради, дерсиз. Шукрки, юртимизда бундай инсонлар кам, аммо йўқ деёлмаймиз.

Яқинда телеграмдаги каналларнинг биридан бир видеони юклаб олдим. Мақолани ёзиш асносида тасвирдаги воқеалар кўз олдимда гавдаланди.

Дарёда кийик боласи сузиб бормоқда, онаси хавфни сезиб, катта тезликда унинг ортидан сузди. Кутилмаганда тасвирда тимсоҳ пайдо бўлди. Она ҳаракатдан тўхтади, йиртқичнинг йўлини тўсиш, боласининг қирғоққа етиб олиши учун ўзини қурбон қилди. У она эканлигини исботлай олди.

Хўш, нега баъзи оналар ҳайвончалик ҳам иш тутишмаяпти. Енгил-елпи ҳаётининг «мева»си бўлган фарзандини пуллаб, қанчалар ваҳшийликка қўл ураётгани ҳақида ўйлаб кўрмаяпти?

Афсуски, фарзандфурушларнинг жинояти  ўз ўғлини ортиқча юк деб билиб, кўчада бўғиб ўлдирган онанинг олдида-ку, ҳолва бўлиб қолди! Қўлини ўз жигарбандининг қони билан бўяган Саидахон Тиллаволдиеванинг тергов жараёнидаги фикрларини ОАВ орқали ўқиб ҳайратландим. «Барибир у кўча-куйда хор бўлиб ўлиб кетарди», деган гапдан қандай маънони уқиш мумкин?Биз қандай давлатда яшаяпмизки, одамлар очликдан,яланғочликдан ўлиб кетаётган бўлса? Қимирлаган инсоннинг қозони қайнаяпти, давлат ҳам ижтимоий ёрдамга муҳтож инсонларга бепарво бўлаётгани йўқ.

Эҳ, қандай замонлар келди-я! Илгари отага тик қараш, онага қаттиқ гапиришга ботинолмайдиган халқнинг дийдаси бунчалар қотиб бораяпти? Абдулатиф сингари падаркушлар сафи ортяпти?

23 апрель куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ Матбуот хизмати Тошкент вилояти Чиноз туманида рўй берган ноқобил фарзанд М. Намоевнинг жинояти тўғрисида маълумот берди. Хабарга кўра, 22 ёшли ўғил оилавий келишмовчилик натижасида 59 ёшли отаси В.Намоевнинг бошига болға билан уриб, жиддий тан жароҳати етказган.

Яшин тезлигида тарқалаётган ва кети узилмаётган бу каби хабарларни эшитиб, ўқиб қўрқувга тушасиз. Беихтиёр хаёлингизга сиз ҳам фарзанд эканлигингиз, бир вақтнинг ўзида яна фарзанд тарбиялаётганингиз ёдингизга тушади.

Бундай жирканч, ваҳшиёна воқеалар фақат оила аъзолари билан боғлиқ эмас. Маҳалладош, таниш-билиш, ҳамкасб ,ҳатто, бир-бирига бегона инсонлар ўртасида ҳам қотиллик ва зўравонлик билан боғлиқ ҳолатлар юз бермоқда.

Кузатишларим натижасида амин бўлдимки, одамлар кундан-кунга тажовузкор (минг бор узр) бўлиб бормоқда. Ҳамма аламзада-ю, бир гап гапирсанг қопиб оладигандек...

Энди юқоридаги ҳолатларнинг юзага келишига қайси омиллар сабаб бўлаётганлиги ҳақида мушоҳада юритсак. Тўғри, сабаблар кўп, аммо асосийлари қуйидагилар:

1. Қоринни тўйдириш осон, аммо кўзни тўйдириш қийин экан. Агар одамзод бойликка бунчалар ружу қўймаганида, тарих қирғинбарот урушларни кўрмаган, замин инсонлар қони билан бўялмаган ёки осмон норасида гўдаклар йиғисидан ларзага келмаган бўларди.

Тан олиш керак, жамиятимизга ишсизлик муаммоси бегона эмас. Коррупциянинг илдиз отгани, ҳар бир ташкилотда ички маҳаллийчиликнинг борлиги ҳам айни ҳақиқат. Аммо булар жиноят содир этишга, қотил деган тамғани олишга сабаб бўлолмайди. Кузатувларим натижасида амин бўлдимки, ҳозир одамлар бир-бирини алдашга, ҳар бир ишдан пул топишга шўнғиб кетган. Гўёки, биз яшаш учун пул топмаяпмиз, пул топиш учун яшаяпмиз.

2. Ҳеч бир инсон она қорнидан билимдон ёки қотил бўлиб туғилмайди. Ундаги хулқ-атворларнинг барчаси оиладаги муҳит таъсирида шаклланади. Шу боис, юқоридаги каби ҳолатларда фақат жиноятчини айблаш нотўғри. Бунда ота-онанинг, яқинлар, таниш-билиш, қўни-қўшнидан тортиб, жамиятдаги ҳар бир инсоннинг ҳиссаси бор.

Шу ўринда Холид Ҳусайнийнинг «Шамол ортидан югуриб» романидаги Асефнинг қандай қилиб йирик қонхўр бўлиб камолга етганлиги ҳақидаги ҳикояси ёдимга тушди. Ёзувчининг тасвирлашича, у болаликдан талончи, ҳукмронликка интилган, тенгдошлари унга тобе бўлишини истарди. Отаси унинг бу ҳаракатларидан қувонар, қўллаб-қувватларди. Қарангки, Асеф ўзи истагандан ортиғига эришди. Улғайгач қарши кучлар билан бирлашиб, афғон халқини қиличдан ўтказди, қон ҳидидан ҳузур оладиган, дод-фарёдлар қулоғига хуш ёқадиган каллакесар бўлиб етди.

Демак, жиноятга қўл урмоқчи бўлган инсон ўз-ўзидан бу йўлни танламайди. Кичик арзимасдек туйилган жиноятлар катталашиб бораверади. Демак, ота-оналар фарзандларининг хатти-ҳаракатига доимо сезгир бўлиши, бирор ноқобил ҳаракатни болаликка йўймасдан унинг зарари ҳақида тушунтириши лозим. Албатта, бунинг учун ота-она ҳам тарбия кўрган бўлиши шарт!

3. Саккиз ёшли ўғлим интернетдан электрон ўйин юклаб олиб, мақтанди.

— Қаранг, бу мени машинам!

— Жуда чиройли экан! Буни бошқаришинг керакми?

— Ҳа манави баландликлардан ўтишим ва йўлда учраган душманларни босиб кетишим керак! Қаранг, биттада тўрттасини ўлдирдим, — деди кўзини ўйиндан олмай.

Қўрқиб кетдим ва ўша куниёқ ўйинни ўчириб, телефонни қайта ўғлимга бермасликка аҳд қилдим.

Шу йилнинг март ойида  АҚШ президенти Дональд Трамп Оқ уй Конгресс вакиллари билан бўлган учрашувда «Америка Қўшма Штатларидаги мактабларда содир этилаётган отишмаларнинг бош омили – компьютер ўйинлари билан боғлиқ», деганди.

Ҳақиқатан ҳам бундай электрон ўйинлар инсон руҳиятига сезиларли таъсир этади, қанча кўп одам ўлдирсангиз, кўпроқ балл тўплайсиз. Экранга сачраган қон, бир инсоннинг дод-войи таъбингизни хира қилмайди.

4. Бугунги кино саноатида детектив жанрдаги фильмлар етакчилар қаторидан жой эгаллаган. Уларнинг томошабини кўп! Аммо жиноят тарихини миридан-сиригача кўрсатиб берадиган, қотилларнинг иш жараёнини очиқчасига намойиш этаётган бундай фильмлар бошқалар учун йўриқнома бўлмаслига ҳеч ким кафолат бермайди. Балки ишонмассиз, аммо Россиядаги жиноятчилардан бири қотилликлар акс этган фильмларни кўриб, кўзини пишитгани ва қурбонларига шундай муносабатда бўлганини суд залида очиқчасига тан олганди.

5.Тан олиш керак, сўнгги йилларда диний қарашлар билан боғлиқ тушунчаларимиз анча ўзгариб кетди. Асл ислом динидан узоқлашиб, яхши билан ёмонни қориштириб юбордик. Болаларда ҳам диний тасаввурларни жуда кеч уйғотаяпмиз, шу боис бўшлиқ ўрнини ёт ғоялар осонликча ўзлаштириб олмоқда.

6. Техника оламига шўнғиб кетиб, маънавият ўчоғи саналган адабиётни унутиб қўйдик. Мактабга энди чиққан фарзандимизга янги телефон ҳарид қиламиз-у, туғилган ёки байрам кунларида битта китоб олиб беришга ярамаймиз. Одоб хазинаси саналган адабиёт фақат олий ўқув юртига кириш имтиҳонларида эмас, ҳаёт чиғириқларидан ўтишингизда ҳам асқатади.

Шу ерга келганда қаламим ёзишдан тўхтади. Мақолага қандай хулоса ясашни билмай қолдим. Сабабларни умумлаштиргач, Абдулла Авлонийнинг «Тарбия биз учун ё ҳаёт — ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат, ё садоқат — ё фалокат масаласидир», деган сўзлари ёдимга тушди. Инсон камолотининг пойдевори бўлган оиладаги тарбияни кучайтириш, ота-оналарнинг тарбияга лаёқатли инсонлар бўлишини таъминлаш қанчалар муҳим масала эканлигини англадим.

Наргиза МУРОДОВА,

журналист

Top