Жаҳон | 12:13 / 07.05.2018
9247
3 дақиқада ўқилади

БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси: Тожикистон ҳукуматига кўплаб саволлар туғилмоқда

Душанбе шаҳрида БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитасидаги Тожикистон миллий ҳисоботи расмий эшитувлари бўлиб ўтди.

Интерактив мулоқот давомида Тожикистон давлат делегацияси раҳбари Юсуф Раҳмон мамлакатда тегишли тузилмалар ишининг натижалари ва Қийноқларга қарши конвенция стандартларини амалга оширишдаги ўзгаришлар ҳақида сўзлаб берди.

Бош прокурорнинг ҳисоботидан сўнг БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси вакиллари аввалги тавсиялар асосида Тожикистон томони бажарган ишдан қониқиш билдирдилар. Шу билан бирга, Қўмита ҳали ҳам ҳал қилинмаган муаммоларга эътибор қаратди ва Тожикистон расмий делегациясига бир нечта саволлар ҳамда огоҳлантириш берилди.

Хусусан, Қўмита республикада ҳамон қийноққа солиш ва шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳолатлари мавжудлиги юзасидан ташвиш билдирди.

«Тожикистон делегацияси ҳисоботи бўйича кўплаб саволлар пайдо бўлди. Масалан, қийноққа солиш ва шафқатсиз муносабатда бўлишга оид кўплаб ҳолатларда айбдорлар бошқа модда – «хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш» бўйича жазоланмоқда», - дея маълум қилди БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси вакили Ф.Гаер.

Қўлга олинганларнинг ҳимоядан фойдалана олиши, шунингдек республикада адвокатларнинг фаолияти бўйича ҳам кўплаб саволлар пайдо бўлган.

«Қўлга олинган шахслар ўз вақтида адвокатлар, шифокорлар хизматидан фойдалана олмаслиги бўйича далиллар бор. Адвокатура тўғрисидаги қонун қабул қилинганидан сўнг адвокатларнинг 70 фоизи аттестациядан ўтолмади, бу фуқароларнинг адвокатлар хизматидан фойдаланиш имкони бўйича шундоқ ҳам мураккаб вазиятни янада оғирлаштирди», - деди БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси вакили.
 
Жамоатчилик ташкилотлари - Тожикистонда қийноқларга қарши фуқаролик жамияти коалицияси аъзолари БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитасига республикада бу борадаги ишлар ҳақида ҳисобот тайёрлашди.
 
«Ҳужжат қийноққа солиш ва шафқатсиз муносабатда бўлишнинг бошқа шаклларига алоқадор қонунчилик базаси ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳақида маълумотларга эга, - дея айтиб ўтган «Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича мустақил марказ» директори Шоира Давлатова. – Ҳисоботда озодликдан маҳрум этиш (жумладан, милиция участкалари, тергов изоляторлари ва ахлоқ тузатиш) муассасалари, бошқа ёпиқ ёки ярим ёпиқ муассасаларда ва Қуролли кучлар сафида қийноққа солиш ҳамда шафқатсиз муносабатда бўлишга нисбатан фуқаролик жамияти кучли ташвишда экани таъкидланади».

Мавзуга оид