11:29 / 08.05.2018
16378

«Ўғлим ҳар қандай вазиятда ҳам ён-атрофдагилар учун жонини фидо қилишга тайёр эди»

9 май — Хотира ва Қадрлаш кунида Ватанимиз мустақиллиги, тинчлиги ва осийишталиги йўлида жон фидо қилган, шу юртнинг азиз фарзандлари хотираси ҳам ёдга олинмоқда. Ватаннинг ана шундай мард ўғлонларидан яна бири — сержант Отабек Каримов (1974–2005) эди.

Отабек Каримов 1974 йилда Андижон вилояти Андижон туманида туғилган. 1991 йилда тумандаги 4-умумий ўрта мактабни битириб, 1992 йилда муддатли ҳарбий хизматни ўтаган. 1994 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида шартнома асосида ҳарбий хизматни давом эттирган. 2002 йилдан бошлаб ДХХ Терроризмга қарши кураш  махсус бригадаси Андижон махсус отрядида хизмат қилган.

2005 йил 13 майда Андижон шаҳрида содир этилган террористик ҳаракатларга қарши олиб борилган курашда жанговар вазифани бажараётган вақтда ҳалок бўлган.Ўзбекистон Республикаси президентининг фармонига биноан 2005 йилда вафотидан сўнг II даражали «Шон-шараф» ордени билан тақдирланган.

Инсон ҳаёти унинг неча йил умр кўргани билан эмас, эл-у юртга теккан нафи, жамиятга келтирган фойдаси, атрофдагиларга кўрсатган яхшиликлари билан баҳоланади. Тинчлик-хотиржамликда қарши олаётган ҳар бир тонгимиз, тан-у жонимиз соғлиги, фарзандларимиз бахт-у иқболи учун Ватан ҳимоячиларидан миннатдор бўлишимиз лозим.

Ўзининг қисқа умри давомида Ватанни қанчалик севиш, асраб-авайлаш ва ҳимоя этиш кераклигини ўз жасорати, мардлиги орқали намоён этиб кетган Отабек Каримов мана шундай юртдошларимиздан бири эди.

Ожиз ва муҳтожларни ҳимоя қилиш, уларга ёрдам беришдек юксак инсоний туйғулар болалигиданоқ Отабекнинг қалбидан жой олганини унинг онаси Мақсуда Каримованинг қуйидаги ҳикоясидан билиб олиш мумкин.

— Ўғлим 7 ёшли пайтида оёғи оғриб қолди. Туман марказий шифохонасида уни олиб ётишимга тўғри келди. Аксига олиб, 8 ойлик қизим Ҳайитхон ҳам бетобланиб қолди. Бир пайтнинг ўзида икки фарзандимга қарайман.

Бир куни болаларим навбатдаги уколни олиб бўлишгач, ухлаб қолишди. Мен пайтдан фойдаланиб, идишларни ювиш учун ташқарига чиқдим. Шунда бирдан ер қимирлаб қолди. Шошиб қолганимдан нима қилишимни билмайман. Қарасам, ҳамма ташқарига қочиб чиқяпти. Хаёлимга болаларим келди. Қўлимдаги идишларни ерга ташлаб, ўзимни ичкарига урдим. Хонага кириб, не кўз билан кўрайки, болаларим ўрнида йўқ. Додлаганча уларни излаяпман, қаёққа боришниям, нима қилишниям билмай қолдим. Ёнимдаги аёллар мени етаклаганча ташқарига олиб чиқишди. Ҳовлининг бир четида синглисини маҳкам бағрига босганча, болажоним мен томонга мўлтиллаб қараб турганини кўрганимдаги ҳолатни сўз билан ифодалаб бўлмайди. Шунда ўғлимнинг ҳар қандай вазиятда ҳам ён-атрофдагилар учун жонини ҳам фидо қилишга тайёр эканлигини англаб етганман. Ўзи оёғи оғриб, кўмаксиз юра олмаётган бола фавқулодда бир ҳолатда синглисини кўтариб пастга, ташқарига олиб чиққан!

Отабекни эсласам, шу ҳолат кўз олдимга келаверади. Қисмат экан, ўғлим бошқаларнинг ҳаёти учун ўзини қурбон қилди. Мен ундан розиман.

2005йил 13 май куни Андижонда содир бўлган машъум воқеани нафақат шаҳар, бутун мамлакат аҳли ҳеч қачон унутмайди. Юртимиз тинчлиги, тараққиётини кўролмаган  жоҳиллардан иборат жиноий тўда томонидан уюштирилган террорчилик ҳаракатларида бир қанча бегуноҳ юртдошларимиз ҳалок бўлди. Ҳарбийларимиз ва бошқа ҳуқуқ-тартибот органларида хизмат қилаётган мард ва жасур йигитларимиз жиноятчиларга қарши курашиб, уларни маҳв этди. Улар сафида Отабек Каримов ҳам жанговар вазифаларни бажаришда иштирок этиб, тинч аҳоли ҳаётини сақлаш йўлида ўз жонини фидо қилди.

— Отабек акам шу пайтда таътилда эди, — деб хотирлайди турмуш ўртоғи Умидахон. — 12 май куни бирга тушлик қилиб ўтирган пайтимизда ўзини ғалати сеза бошлади. «Умидахон,— деди босиқлик билан,— сиздан бир илтимосим бор. Мен Ватан хизматидаман. Унинг тинчлиги, осойишталиги учун керак бўлса жонимни ҳам бахш этишга тайёрман. Кўриб турибсиз, хизмат сафарларим кўп. Уйдан бир чиқиб кетганча, ўн-ўн беш кунда қайтадиган вазиятлар кўп бўлади. Мени қандай қисмат кутиб турганини ўзим ҳам билмайман. Шундай экан, менга бирор гап бўлса илтимос, икки фарзандим билан шу уйнинг чироғини сўндирманг. Ота-онамнинг дуосини олишга ҳаракат қилинг», деди. Мен бу гапларни ўша пайтда ҳар доимги насиҳатлардан бири, деб ўйлагандим. Бироқ шумхабарни эшитгач, буни аввалроқ сезган экан-да, деган фикрга келдим.

13 май куни эрталаб кўнглим алланечук беҳузур бўла бошлади. Ишга отланган турмуш ўртоғимни қўйворгим келмади. «Хизмат таътилидасиз-ку, уйдан чиқиб нима қиласиз?» дедим. У бўлса ишхонасига бориб, дўстлари билан дийдорлашиб қайтишини айтди. Афсуски, шу кетганча қайтиб келмади...

Умидахон бир қиз ва бир ўғилни оқ ювиб, оқ тараб, вояга етказмоқда. Отаси изидан боришни ният қилган фарзандлар ўз мақсадлари сари дадил одимламоқда. Келгусида хизматда эришажак ютуқлари билан отасининг ишончини оқлашга, унга муносиб ўғил-қиз бўлишга ҳаракат қилмоқда. Нилуфархон Иброҳимова айни пайтда Тошкент божхона институтининг биринчи курсида таҳсил олмоқда. Самандарбек Иброҳимов коллеж ўқувчиси.

Айни пайтда Отабек Каримов номини абадийлаштириш, ёш авлод қалбида унга бўлган муносабатни, ундан ибрат олиб, Ватанга, халққа бўлган муҳаббатни шакллантириш борасида ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, у ўқиган мактабда, туманда унинг хотирасига бағишланган спорт мусобақалари ташкил этилиши анъанага айланган. 4-умумтаълим мактабида ҳаёти ва хизмат фаолиятидан ҳикоя қилувчи кўргазма ташкил этилган.

Ҳозирда юртдошларимиз бундан-да яхши яшаш, тараққий этиш йўлида бирдамликда ҳаракат қилмоқда. Ҳар соҳада янгиланиш, туб бурилиш, туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Буларнинг барчаси юртимизнинг тинчлик-осойишталиги, халқимизнинг фаровонлигига қаратилган. Мана шундай дориломон кунлар учун, одамларнинг бахтли ҳаёти учун жонини фидо қилган юрт ўғлонларининг хотираси қалбимизда мангу яшайди.

Top