Жаҳон | 23:58 / 09.05.2023
35556
14 дақиқада ўқилади

У тобора узоқлашмоқда: нега собиқ совет давлатлари ғалаба кунини кенг нишонламай қўйишди?

Апрел ойи охирларида бюджет маблағларини иқтисод қилиш важ қилиниб, Қозоғистонда 9 май куни ҳарбий парад ўтказилмаслиги маълум бўлган эди. Қозоғистон ҳукумати сўнгги йилларда ғалаба куни шарафига парад ўтказмай келмоқда. МДҲнинг бошқа давлатларида аҳвол қандай?

Фото ©️ Tengrinews.kz / Турар Казангапов

Orda.kz нашри собиқ СССРнинг қолган республикаларида 9 майни нишонлаш қай аҳволдалиги, Россия ва Украина ўртасидаги урушнинг бу байрамга таъсири бор-йўқлиги, бу байрамни қандай нишонлаш кераклигини таҳлил қилиб чиқди.

9 май куни СССР олий совети президиуми қарори билан фашистлар Германияси устидан қозонилган ғалаба куни ва «умумхалқ байрами куни» деб эълон қилинган эди. Ғалаба куни ўнлаб йиллар давомида совет иттифоқидаги муҳим байрамлардан бири сифатида нишонланиб келган. 2000 йилда Владимир Путин Россия президенти бўлгач, бу сана катта тантана билан нишонлана бошланди. Россиялик расмийлар бу санадан урушда ўлган миллионлаб инсонларни хотирлаш куни билан чекланмасдан, энг янги ҳарбий техникаларни кўз-кўз қилиш йўлида фойдалана бошлашди.

Бошқа собиқ совет республикаларида ҳам ғалаба куни анъанавий тарзда ўтказиб келинади, гарчи тадбирлар бироз камтарона бўлса-да.

Бироқ, 2020 йилги пандемия даврида юришларни тўхтатиб туришга тўғри келади. Шуниси эътиборлики, собиқ иттифоқнинг айрим давлатлари глобал локдаундан сўнг байрам қилишда давом этишди, бошқалари қонунчилик даражасида ғалаба кунидан воз кечишди.

Сукутли дипломатия ёки ўзликни қидириш

Қозоғистонда ғалаба куни шарафига сўнгги ҳарбий парад 2019 йилда ўтказилган. 2020 ва 2021 йилларда коронавирус пандемияси туфайли оммавий тадбирлардан воз кечилди. Ўтган 2022 йилда ҳам парад ўтказилмаганди. Мудофаа вазирлиги парад учун сарфланадиган пуллар ҳарбий хизматчиларнинг жанговар тайёргарлигига йўналтирилгани маъқул, деб тушунтиришди. Бу йилги сабаб ҳам шу.

Бироқ, россиялик сиёсий эмигрант, сўл активист ва публицист Алексей Сахнин иқтисодий қийинчиликларга ҳавола қилиш айёрлик эканини таъкидлаган:

«Бундай байрамлардан ҳам катта байрамларни ўтказиш давлат бюджети имкониятлари олдида ҳеч нарсамас. Улар муаммо яратмайди. Ҳозир Қозоғистон ҳар бир танга ҳисобда бўлган иқтисодий таназзул шароитада ҳам эмас. Фикримча, бу — ушбу қадамлар ортида турган асл мақсадларни яшириш ё оқлаш учун бир баҳона», — дейди Сахнин.

Алексей Сахнин. Фото: шахсий архивидан

Сахиннинг фикрича, асосий сабаб бу воқеа атрофида йиллар давомида халқларни яқинлаштириш учун шакллатириб келинган топиниш ва хотирлаш мажмуаси Россиянинг Украинага бостириб кирганидан сўнг ўзининг аҳамиятини йўқотган.

«1995 йилда Елцин даврида ғалабанинг 50 йиллиги жуда катта тантана билан нишонланган эди. Ўшанда Россия ҳукумати бу байрамни муқаддаслаштириш ҳақида ўйлай бошлаган. Бу Россия давлат мифининг муҳим унсурига айланган. Россия куч тўплай бошлагани сари ёки шунга ўхшагани сари собиқ совет давлатлари бу рамз ва тадбирдан андоза ола бошлашди.

Шундай қилиб, МДҲ давлатлари умумий хотира ва умумий топиниш асосида бирлашишди. Бироқ, 2022 йил 24 февралдан сўнг Россия раҳбарияти ўзининг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш йўлида мисли кўрилмаган «муваффақиятлар»га эришди. Бу ёдгорлаштиришнинг барчаси нима учун бўлганини шубҳа остига келтириб қўйди: Россия билан яқинлашиш, у билан умумий маданий кодларни ушлаб туриш, мафкурафий жиҳатдан ягона макон яратиш эҳтиёжи ўз-ўзидан йўқ бўлди», — дейди Алексей Сахнин.

Активистга кўра, кўплаб фуқаролар ва режимларда Кремл Украинада қилаётган ишлар билан бир қаторда номи тилга олинмаслик хоҳиши пайдо бўлди. Ҳаттоки ушбу вазиятдан Россиядан узоқлашиш, кўпроқ мустақилликка эга бўлишда фойдаланиш истаги ҳам.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Айдар Амребаевнинг фикрича, Қозоғистон давлат аппарати томонидан советлаштиришга қарши кураш контекстида параддан воз кечиш мутлақо мантиқий қарор бўлган.

«Биз тарихий хотира ҳақида сўз очганимизда, таассуфки, у турлича ва доим ҳам тўғри бўлмаган талқинлар объектига айланади. Янги тарихий фактлар юзага чиқади, миллий ўзликни англашнинг цивилизациялашган модели билан боғлиқ халқнинг миллий манфаатлари ҳам бор. Мен бизнинг объектив тарихий хотирамизни тиклаш Қозоғистон учун долзарб масала, деб биламан. У совет мафкуравий дискурсига хос бўлган оқ ва қора бўёқларга бўялмаслиги керак. Бу манзара чизиб тугатилиши ва тарихимизнинг фожиали варағи сифатида ёпиб қўйилиши керак», — дейди Айдар Амребаев.

Айдар Амребаев. Фото: aikyn.kz

Унутиш жоиз эмас хотирлаш

2022 йилда Болтиқбўйи давлатлари «Улуғ ватан уруши» билан тўғридан тўғри боғлиқ рамзларни тақиқлай бошлашди. Масалан, Литвада ўтган йили бутун мамлакатда мотам эълон қилинди ва ҳар қандай байрам мавжуд шароитларда мутлақо жоиз эмаслиги уқтирилиб, тақиқланди.

Қирғиз сиёсатчиси Мурат Бейшенов бундай радикал тақиқларни Ғарбнинг таъсири билан боғлайди.

«Англосаксон цивилизацияси советлар иттифоқи иккинчи жаҳон урушини ютганидан асло хурсанд эмас. Ғарб ғалаба куни нишонланмаслиги учун қўлидан келганини қилмоқда. Бу йўлдаги ишлар муваффақият билан амалга оширилмоқда.

Мисол тариқасида Болтиқбўйи давлатларига қараш кифоя. Бироқ бундай қилиш керак эмас. Биз барибир фашизмни енгганмиз, 30 миллион жон берганмиз, нима, уни ҳозир унутиш керакми? Шунинг учун ҳимояланиш ва парадлар ўтказиш керак. Тарихдан юз ўгирмаслик керак. Бундай қилган давлатнинг келажаги бўлмайди», — дейди Мурат Бейшенов.

Мурат Бейшенов. Фото: Вечерний Бишкек

Алексей Сахнин ҳам Болтиқбўйи давлатлари Россия билан алоқаларни узишга қаратилган изчил ва очиқ мафкуравий кампания юритганини қайд этади. Бу ҳолатда улар аксилдемократик усуллардан русийзабон камчиликларга қарши фойдаланишган. Активистнинг фикрича, Қозоғистонда ҳозирча бу қадар радикал мафкуравий узилишга халқ тайёр эмас.

«Қозоғистон анча мўътадил ҳаракат қилмоқда, лекин ҳаммаси ўша йўналишда кетмоқда. Парадни ўтказмаймиз, лекин байрамга паркка байроқ кўтариб чиққан рус пенсионер кампирларни ҳам калтакламаймиз. Ригада балким хавфли мафкуравий диверсантлар сифатида кампирларни уришар. Латвия, Литва ва Қозоғистон ҳокимиятлари қанчалик танқид остига олинмасин, бундай йўл тутишга имконият ва сабабни барибир Кремл яратган», — дейди Алексей Сахнин.

Кремлнинг хатти-ҳаракатларидан ташқари яна бир омил бор — совет даврининг қарама-қаршилиги. Айдар Амребаевнинг айтишича, иттифоқ даври одамлар тасаввур қилишга кўникиб қолганидек оппоқ ва момиқ бўлмаган асло.

«Биз Иккинчи жаҳон урушигача ва ундан кейин бўлган воқеаларнинг бутунлай бир бирига зидлигини жуда яхши тушунамиз. Урушгача Қозоғистон 30-йиллардаги очарчилик ва қатағонларга тўқнаш келган, Сталиннинг қаттол режими республикадан концлагер ясаган эди. Сўнг минглаб ватандошларимиз ўз ҳарбий бурчини ўтайман дея жанггоҳларда ҳалок бўлишди. Агар оддий инсоний ачиниш ҳисси билан ёндашилган тақдирда ҳам, бундай вазиятда байрам қилиш ва салютлар отиш — ўлганлар ва қатағон қилинганларнинг суяги устида рақс тушишга ўхшамайдими? Бу ўша инсонларнинг хотирасини булғашдан бошқа нарса эмас», — дейди Айдар Амребаев.

Суяклар устидаги рақс ва қудрат намойиши

Қозоғистонлик сиёсатшунос Айдар Амребаев ҳам айни уруш шароитида ўтказиладиган парадлар сурбетликнинг олий кўриниши эканлигини қайд этди.

«Қайси бир мамлакатларда бу қайғу ва фожиа қурбонларини хотирлаш куни. Айримлар бугунги кунда қилаётган жиноятларини оқлаб сиёсий дивидендлар қўлга киритиш учун ундан фойдаланмоқда. Менимча, Украинада тинч аҳоли вакиллари ўлдирилаётган, шаҳарлар ва қишлоқлар вайрон қилинаётган шароитда сепартистик Георгий тасмалари ва «Истасак, яна такрорлай оламиз» шиорлари билан ғалаба парадларини ўтказиш сурбетликнинг олий кўриниши. Бу ўлган одамларнинг суяклари устида рақс тушишга ўхшайди», — дейди Айдар Амребаев.

Пабликлардан олинган фото.

«Истасак, яна такрорлай оламиз» («Можем повторить») шиори ҳақида гапирар экан, Сахнин бу авлодларнинг тирик хотирасини рамзий, ўйлаб топилган ёдгорлаштиришга алмашиш экани ва у даҳшатли уруш оқибатларини рад этишга олиб келишини таъкидлади.

«Постовет даврида Россияда «Можем повторить» шиори пайдо бўлди, уни россияликлар ўз машиналарига ёпиштириб ола бошлашди. Бу реал урушни тўлиқ рад этиш дегани. Ўша урушдан нафақат советлар иттифоқи, Европа ва жаҳоннинг бошқа давлатлари ҳам мутлақо тескари мазмундаги шиор билан чиқишган — «Бошқа ҳеч қачон!» Уйларида ёқиб юборилган, Германияга мажбурий меҳнатга ҳайдаб кетилган, концлагерларда ёқилган ва устида тиббий тажрибалар ўтказилган миллионлаб инсонларнинг аянчли тақдири. Мана шу нарса ҳеч қачон такрорланмаслиги керак», — дейди Алексей Сахнин.

Россиялик сўл активист Елцин даврининг охирларида ва Путин давридан бошлаб байрам миллий ҳарбий қудратни кўз-кўз қилиш воситасига айланиб кетганига ҳам эътибор қаратади.

«Бизнинг мана шундай даҳшатли ракетамиз бор, бутун Ер куррасини кунпаякун қила оламиз, керак бўлса ўша кунларни такрорлай оламиз, дегандек. Бугунги кунга келиб маълум бўлдики, ҳарбий техникалар намойиши бўлмаган гап ва ёлғон экан», — дейди Сахнин.

Масалан, 2015 йилги ҳарбий парад чоғида Россиянинг энг янги ва энг замонавий Т-14 «Армата» танки Москвадаги Қизил майдонда репитиция чоғида ўчиб қолганди.

Байрам ёки хотирлаш

Кечагина Украина президенти Володимир Зеленский Олий Радага 8 майни Иккинчи жаҳон урушида нацизм устидан ғалаба ва хотирлаш куни сифатида белгилаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини киритди. Украинада 9 май Европа куни сифатида нишонланиши кўзда тутилган.

«Биз ҳеч қачон украин халқининг нацизм устидан ғалаба қозонишга қўшган ҳиссасини унутмаймиз. Биз ўша урушда ғалаба бирорта мамлакат ё халқнинг иштирокисиз қўлга киритилган деган ёлғонга ҳам йўл қўйиб бермаймиз. Бир вақтлар ёвузликка қандай баҳамжиҳат курашган бўлсак, ҳозир ҳам ёвузликни биргаликда йўқ қилмоқдамиз. Таассуфки, бу ёвузлик яна бош кўтарди. Гарчи бугун агрессор бошқа бўлса ҳам, мақсади ўша-ўша — қул қилиш ва қириб ташлаш», — деган Володимир Зеленский.

Украинада аввалроқ бир гуруҳ депутатлар Олий Рада эътиборига 8 март, 1 май ва 9 май байрамларини бекор қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тақдим этишган эди. Лойиҳага тушунтириш хатида ташаббускорлар иқтисодий йўқотишларнинг олдини олиш учун «коммунистик унсурлар бўлган байрамлар» — 1 май ва 9 майни бекор қилишни сўрашган.

«Иккинчи жаҳон урушида нацизм устидан қозонилган ғалаба 8 май куни нишонланади. Бошқа мамлакатларда бу байрам куни эмас, ўн миллионлаб ҳалок бўлганларни хотирлаш кунидир. Шундай характердаги байрамни Украинага ҳам қайтариш керак, бу эса суяклар устида рақс тушиб, байрам қилишдан қочишда ёрдам беради», — деб ёзишган қонун лойиҳаси ташаббускорлари.

Назарбоев, Путин ва Медведев Москвадаги ҳарбий парадда. 2019 йил. Фото: Akorda.kz

Амребаевнинг фикрича, Қозоғистонда ҳам байрам қилиш ўрнига хотирлаш вариантига ўтиш керак.

«9 майни Иккинчи жаҳон уруши қурбонларини хотирлаш куни сифатида нишонлаш керак, урушда қатнашган ёки ҳалок бўлганларнинг қариндошларига кўмак бериш керак. Бундай тадбирларни ўтказиш учун қандайдир янги этика асослари керак. Бу санага миллионлаб инсонларнинг ўлимига сабаб бўлган ҳодиса сифатида ниҳоятда инсоний муносабат керак», — дейди Айдар Амребаев.

Украина ва Болтиқбўйи давлатларида тақиқлар жорий қилинганига қарамасдан Марказий Осиё давлатлари байрамга анча нейтрал муносабатда. Қирғиз сиёсатшуноси душманлари куйиб ўлиши учун атайлаб байрам юришига чиқишини таъкидлади.

«Қирғизистонда «Ўлмас полк» юришлари бўлиб ўтади. Биз барибир бу мафкура ва нейтралликка содиқмиз. Россия ва Украина ўртасида уруш бўлаётган бўлса, 1 май ва 9 майни унутиш керак деяётганлар чиқаётгани қайғули. Совет кишиси сифатида тарихнинг унутилаётгани мен учун аламли ва қайғули. Мен душманларим куйиб ўлиши учун, дўстларим билан атайлаб кўча юришига чиқаман. Турли давлатлардаги совет даври кишилари ҳам жасорат топиб чиқишади, деб ўйлайман», — дейди Мурат Бейшенов.

Қирғизистонда бу йил анъанавий тарзда «Ўлмас полк» юришлари бўлиб ўтди. 9 май ғалаба куни эмас, «Хотира ва қадрлаш куни» сифатида нишонланадиган Ўзбекистонда ҳеч қачон юришлар ва парадлар ўтказилмаган. Фақат 9 май оқшомида байрам салюти отилади.

Россияда эса ҳарбий парад ҳар йилгидек барибир ташкил қилинди. Унда МДҲнинг етти давлати раҳбарлари — Марказий Осиё давлатлари, Беларус ва Арманистон етакчилари иштирок этишди. Қирғизистон президенти Садир Жапаровдан ташқари барчаси фақат 8 май кунига келибгина парадда иштирок этишини билдиришди. Туркманистон раҳбари 9 май куни эрталаб парадга етиб борди.

Мавзуга оид