Нуқтайи назар | 15:35 / 09.05.2023
385369
3 дақиқада ўқилади

9 май – кимга қандай кун: Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Москвага нега борди?

9 май борасида постсовет давлатларида бири-биридан тубдан фарқли қарашлар бор. Россия учун бу — СССРнинг дунё қудратига чиқиш санаси. Советлар иттифоқи — бу катталашган Россия эди. Унинг асосида рус тили ётар, рус цивилизацияси турарди, қолганлар унга бўйсундирилган эди.

Фото: Гавриил Григоров / Sputnik / Reuters

Болтиқбўйи давлатлари, Латвия, Литва, Эстония учун — 9 май ва СССР ғалабаси — ушбу республикалар мустақиллиги қўлдан кетиши санаси ҳисобланади. Шунинг учун, бугунги кунда 9 май ушбу давлатларда расман ман қилинган. Чунки, шу санада бу давлатлар мустақиллигини йўқотиб, СССР таркибига киришга мажбур бўлган.

Ўзбекистон, Қозоғистон, умуман, Марказий Осиё учун Иккинчи жаҳон уруши ва унда советларнинг ғалаба қозониши — минтақа давлатлари мустақиллигини кечиктирган, СССРни янада жипслаштирган воқеа сифатида англанади.

Шунинг учун, Ўзбекистон, мустақилликка эришгач, 1996-97 йилларга келиб, 9 май «Хотира ва қадрлаш куни» деб эълон қилди.

Яъни «ўтган аждодларни хотирлаш ва тирик қолганларини қадрлаш», лекин, «ғалаба куни эмас», чунки, «бу уруш бизнинг энг асосий қадриятимиз — мустақиллигимизни орқага сурган воқеа бўлди», деб айтилди.

Россия империяси XX асрда икки марта парчаланди. Дастлаб 1917 йилда. Ўшанда Чор Россияси жуда катта ҳудудларини йўқотди, асосан, Европа қисмида. Унинг давомчиси СССР 1990 йилга келиб янада парчаланди.

Лекин Россия ҳали ҳам дунёдаги энг катта давлат. Ички демографик ҳолати салбий, албатта. Катта амбицияларга ва номутаносиб имкониятга эга. Шундай бўлса-да, ҳамон хавфли. Шунинг учун постсовет давлатларининг кўпчилиги у билан ҳисоблашишга мажбур.

Марказий Осиё давлатлари етакчилари бугун Москвада. Минтақа етакчилари буни «тактика» деб билишади. Бу ўзига хос шарқона дипломатиянинг кўриниши: максимум реализм ва минимум идеализм. Бу етакчилар байрамда ҳам Москвада тўпланишади, агар мотам бўлиб қолса, унга ҳам хурсанд бўлиб келишади.

Кремлда мотам бўлиб қолишини исташади, лекин, буни юзларидаги сохта кулгиларида билдиришмайди. Сиёсат — мураккаб соҳа. Сиёсат — реал воқелик билан ўлчанади. Энг аввало, сиёсат мақсадга эришиш маҳорати.

Идеализмга берилиб катта муаммолар яратиш, реализм билан эса катта муаммоларни четлаб ўтиш мумкин. Марказий Осиё етакчилари Москвага 9 май ҳарбий парадини кузатиш учун бориб, ўз давлатларини Россия босими ва эҳтимолий тажовузидан сақлаб қолаётганига ишонишлари аниқ.

Агар минтақа давлатлари ҳамжиҳат бўлиб, якдил позицияда туриб Москвага бориш-бормасликни келишиб олганларида эди — албатта, энг яхшиси шу бўларди. Аммо, бошида фақат Қирзиғистон президенти Садир Жапаров Москвага бориши айтилди. 8 майга келиб қолган тўртта республика раҳбарлари ҳам Москвага бораётгани маълум бўлди.

Марказий Осиё давлатларига координация, мувофиқлашув етишмаяпти. Якдиллик кам. Россия босимларига келганда минтақа пойтахтлари жипс бўлмаса, кечаги метрополия бирма-бир минтақа давлатларини ўз ўйинига ўйнатишда давом этаверади.

Камолиддин Раббимов, сиёсатшунос.

Мавзуга оид