08:00 / 20.05.2018
15774

Берлусконига котибаси катта мерос қолдирди

Фото: Gregorio Borgia / AP Photo

Сильвио Берлускони Италия Вазирлар кенгашидаги собиқ котибасидан 3 миллион евро миқдорида мерос олди. Бу ҳақда La Stampa газетаси хабар тарқатган.

Ёлғиз яшаган Анна Ч. 20 кун муқаддам 88 ёшида вафот этган, у ўлими олдидан адвокатига Берлускони учун «биргаликдаги ҳамкорлик учун миннатдорчилик сифатида» мерос қолдиришини айтган. Нашрнинг қайд этишича, марҳума катта бўлмаган 3та кўчмас мулкка эгалик қилган, иккита банк ҳисоб рақами бўлган, «яхшигина пенсия» олган.

13 январь куни Берлускони ўзи 31 йил давомида эгалик қилган «Милан» клубини сотишда пул ювганликда айбланганди. Нашрнинг ёзишича, клуб учун қўйилган 740 миллион евро миқдоридаги нарх шубҳалар келтириб чиқарган.

Берлускони 1994-1995, 2001-2006 ва 2008-2011 йилларда Италия бош вазири бўлган. 2010 йилда унга нисбатан «Руби иши» бошланган, унга кўра бош вазир вояга етмаган қиз билан жинсий алоқа қилишда айбланган. 2015 йилда суд Берлусконини оқлаган, аммо у бош вазирлик лавозимига қайта олмаган.

Сиёсий фаолияти давомида Берлусконига нисбатан 80га яқин иш очилган, у 2,5 минг мартадан ортиқ суд эшитувларида қатнашган. Ушбу сиёсатчи коррупцияда, мафия билан алоқаларда айбланган, сексуал можаролар марказида қолган. У аксар ҳолларда апелляцион судларда ғолиб чиққан ёки унга нисбатан очилган ишлар кўп ўтмай ёпилган.

Top