Ўзбекистон | 01:39 / 20.05.2018
129503
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев собиқ амалдорларнинг лавозимга қайтарилишини ўзига хос шарҳлаб ўтди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев собиқларнинг амалга қайтиб келишига қисқача изоҳ берди. Давлат раҳбарининг таъкидича, улар орасида ноҳақ лавозимдан четлатилган кишилар кўп эди. Бу ҳақда Президент Улуғнор туманида Андижон вилояти фаоллари иштирокида ўтказилган видеоселектор йиғилишида маълум қилган, деб ёзади Kun.uz мухбири.  

"Ҳамма нотўғри кетганларни қайтараман, нимагаки, одамзоднинг хато қилишга ҳаққи бор. Телевизорда кўряпсиз, қайтаряпман. Мен биламан нима учун, улар бир-икки атрофдагиларга ёқмаган, порасини бермагани учун ҳайдалган", деб таъкидлаган Президент.

Давлат раҳбари туман сектор бошлиқлари ва ДХХ бўлим бошлиқларига қарата "уйғонинг" дея, уларни огоҳлантирмоқда. 

"Биронтангизнинг Андижон халқига ўтказиб қўйган жойингиз йўқ. Менинг катта фожиам, кўпингизни алмаштиришим керак, фақат тайёр кадр йўқ. Тошкентда ёш тадбиркорни 3,5 миллион аҳолига бош қилдим. Менга керак эмас, фалон жойда ишлаган, фалон у, менга ватанпарвар керак. Билими бўлиб, ҳозирги иқтисодиётни тушунса бўлди. Улуғ айём кунларда айтяпман, натижаси жуда зўр бўлади. Садоқатли бўлса, лейтенантни ИИБ бошлиғи қилиб қўяман, олиб-бориб олиб-келади ҳаммани. ДХХ ичида ҳам ҳалоллари бор, мана Ғайратни олиб келиб қўйганман. Унга ишонаман, бирга ишлаганман. Ўзим бу ташкилотдан куйганман. Шунинг учун ҳалол инсонлар керак", дейди Шавкат Мирзиёев.

Мавзуга оид