08:19 / 29.05.2018
5277

Россия тергов қўмитаси бошлиғи Instagram’ни блоклашга чақирди

Фото: Глеб Щелкунов / Коммерсантъ

Россия тергов қўмитаси бошлиғи Александр Бастрикин “Instagram’ни ёпиш кераклигини” айтган. Унинг айтишича, “Петербургдаги теракт” гўёки ушбу ижтимоий тармоқ ёрдамида амалга оширилган. 

Бастрикин болалар ҳуқуқлари бўйича вакиллар қурултойида Россияга қарши ахборот уруши кетаётгани, шу сабабли хориж тажрибасини қўллаш зарурлигини айтган. “Туркияда Yandex, Google ўрнига болалар билан ишлаш бўйича ўз ахборот тизими мавжуд. Биз Instagram’ни ҳам ёпа олмаймиз. Ваҳоланки, Instagram’ни ёпиш керак, чунки ўтган йил Ленинграддаги теракт у ёрдамида амалга оширилган”, деб айтган Бастрикин.

Бастрикин ўз нутқида Instagram’ни Telegram мессенжери билан янглиштириб қўйгани эҳтимоли мавжуд. Instagram вакиллари ҳозирча бунга изоҳ беришмаган.

Аввалроқ тергов қўмитаси ўз ҳисоботида Telegramֺ'ни ёпиш кераклигини, чунки террорчилар 2017 йил баҳорида Петербург метросидаги портлашларни айнан у орқали мувофиқлаштиришганини келтириб ўтган.

Россия куч тузилмаларининг фикрича, террорчилар Петербург метросидаги портлашларда айнан Telegram’дан фойдаланишган. 

Top