Ўзбекистон | 07:29 / 19.04.2024
2694
1 дақиқада ўқилади

Тошкентда Telegram орқали сохта ҳавола жўнатиб, ўзгалар картасидаги пулни ўғирлаган шахс ушланди 

Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида яшовчи 33 ёшли И.Н. ИИОга мурожаат қилиб, банк картасидан 12 150 000 сўм миқдоридаги пул маблағлари номаълум шахс томонидан ўзлаштирилганини маълум қилган.

Фото: Kun.uz

Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Тошкент шаҳари Юнусобод туманида яшовчи 27 ёшли Д.Х. содир этгани аниқланган.

Гумонланувчи сифатида тергов органларига жалб этилган Д.Х. Интернет фойдаланувчиларига “Телеграм” мессенжери орқали турли хил мазмунидаги хабар (ҳавола) жўнатиб, уларни қизиқтириб, банк карта маълумотларини қўлга киритиш орқали банк карталарида сақланган пулларни ўғирлаб, қинғир йўллар билан бойлик орттириб келаётгани маълум бўлди.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, Д.Х.нинг содир этилиб, фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш мақсадида тергов, тезкор-қидирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Қонунга мувофиқ, ЖКнинг 168-моддаси 3-қисмидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Мавзуга оид