Ўзбекистон | 00:22 / 30.05.2018
7255
3 дақиқада ўқилади

Ташиш қоидаларига риоя этилмаганлиги ёввойи ҳайвонларнинг ҳалок бўлишига сабаб бўлди

Яқинда Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортида “Куала Лумпур  - Тошкент” рейси бўйича парвозини якунлаган фуқаро Й.Н. божхона назоратидан ўтар экан, йўловчи божхона декларациясида ўзи билан 4 турдаги 20 дона ёввойи қуш ҳамда 10 бош бенгал ёввойи ўрмон мушугини олиб келганлигини қайд этади.

Табиийки, Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 251-моддасига биноан, божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган тирик ҳайвонларнинг божхона расмийлаштируви биринчи навбатда ва соддалаштирилган тартибда амалга оширилиши боис божхона ходимлари зудлик билан ишга киришишади. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Фото: Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати

Аммо ушбу шахс бу ҳайвонларни олиб киришда Ўзбекистон Республикасининг “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунининг 20-моддасига биноан, ёввойи ҳайвонларни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан бериладиган рухсатномалар асосида амалга оширилишини “унутган” экан.

Боз устига, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси экспертларнинг хулосасига кўра, олиб келинган ёввойи жониворлар орасидаги 2 турдаги 4 дона тўти ҳамда 10 бош бенгал ёввойи ўрмон мушуги болалалари йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги ҳайвонлар туркумига кирар экан. Шу сабаб бу турдаги ҳайвонларни божхона чегараси орқали олиб ўтишда халқаро СIТES рухсатномаси ҳам бўлиши лозим эди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати

Модомики, ушбу рухсатнома ҳужжатлари бўлмаса, у ҳолда фуқаро Й.Н.нинг бу ҳаракатлари ғайриқонуний деб эътироф қилинади. Ўзбекистон Республикасига ғайриқонуний равишда олиб киришга уриниш чоғида ушлаб қолинган ёввойи ҳайвонлар эса белгиланган тартибда олиб қўйилади.

Мазкур ҳолатга аниқлик киритгунга қадар ушбу жониворлар Тошкент ҳайвонот боғига вақтинча сақлаш учун топширилди. Аммо бу жараёнда ташиш қоидаларига риоя этилмаганлиги сабабли ёввойи қушларнинг 2 донаси ўлиб қолганлиги маълум бўлди.

Халқаро нормаларга кўра, ёввойи ҳайвонларни ташиш учун мўлжалланган контейнерлар муайян талабларга жавоб бериши лозим. Ҳар бир қафасга жониворлар 1 донадан жойлаштирилиши, уларда охур, сувдон, дам олиш токчаси, вентиляция тешиклари  бўлиши лозим. Аммо, фуқаро Й.Н.нинг ушбу оддий аммо муҳим талабларга риоя қилмаганлиги жуда қимматга тушди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати

Ачинарлиси шундаки, ташиш қоидаларига етарлича риоя этилмаганлиги ёввойи бўлса-да, аммо табиатан нозик бўлган бошқа жониворларга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Тошкент ҳайвонот боғи ходимларининг саъй-ҳаракатларига қарамай, кейинчалик 7 бош бенгал ёввойи ўрмон мушуги болалари ва 2 турдаги 8 дона ёввойи қушлар ҳам ҳалок бўлди.

Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати