00:51 / 31.05.2018
8330

Швейцариялик суд ижрочилари «Газпром»нинг 2,6 млрд долларлик активларини ҳибсга ола бошлашди

Photo: TASS

Европада «Газпром»нинг активлари ҳибс этила бошланди. Бунга сабаб Стокҳолм арбитраж судининг Россиянинг мазкур концерниУкраинанинг «Навтогаз» компаниясига 2,6 миллиард АҚШ доллари тўлаб бериш ҳақидаги қарори ижросини таъминлашдир. Мулкни рўйхатга олиш Цуге шаҳридаги «Nord Stream AG» офисида бўлиб ўтди, «Газпром»нинг мазкур компаниядаги улуши 6 миллиард еврони ташкил этади, деб ёзмоқда РБК.

«Нафтогаз Украина» компанияси Стокҳолм арбитражининг транзит шартнома бўйича 2018 йил 28 февралдаги қарорини мажбурий ижросини таъминлаш юзасидан иш олиб бораётганидан «Газпром» энди хабар топган. Ҳозирга қадар «Газпром» мазкур жараён юзасидан бирор бор расмий билдиришнома олмаган.

«Nord Stream AG»Стокҳолм арбитражи қарори юзасидан таъминлаш чораларини қўлланилиши ҳақидаги буйруқни 29 май куни олган, дейди компания вакили. Унинг сўзларига қараганда бу ҳол «Nord Stream 2» газ қувурига таъсир қилмайди. ​

28 февраль куни Стокҳолм арбитражи «Нафтогаз Украина»нинг «Газпром»га бўлган даъво аризасини қисман қониқтирган ва унга кўра Россия компанияси даъвогар ташкилотга транзит шартнома бўйича етказиб берилмаган газ учун 4,63 миллиард АҚШ доллари тўлаб бериши керак. «Нафтогаз»нинг «Газпром» олдидаги қарзи ҳисобидан, тўланиши керак бўлган пул 2,56 миллиард долларни ташкил этмоқда. «Газпром» арбитраж қароридан норози бўлиб, 28 май куни Швециядаги Свеа округи судига апелляция аризасини киритган. Россия монопол компанияси вакилининг сўзларига кўра, Стокҳолм арбитражини қарорининг катта қисмини арбитр эмас, аллақандай учинчи шахс ёзиб берган.

Top