Жаҳон | 22:59 / 22.03.2024
3848
2 дақиқада ўқилади

«Газпром» Марказий Осиёга газ экспортини ривожлантириш истиқболларини кўриб чиқди

Марказий Осиёга газ экспортини ривожлантириш истиқболлари тўғрисидаги масала «Газпром» директорлар кенгашига кўриб чиқиш учун киритилади. 

Фото: ТАСС

Россиянинг «Газпром» компанияси маъмурияти Марказий Осиёга газ экспортини ривожлантириш истиқболлари ҳақидаги маълумотларни эътиборга олди. Бу ҳақда «Газпром» хабар берди. 

Қайд қилинишича, компания минтақа давлатлари билан ҳамкорликни изчил кенгайтирмоқда. Шундай қилиб, 2023 йил октябр ойида Ўзбекистонга биринчи марта Россия гази етказиб бериш бошланди. Улар Қозоғистон ҳудудидан ўтувчи «Марказий Осиё – Марказ» газ қувурлари тизимига асосланган махсус ажратилган йўналиш бўйича тескари режимда ташкил этилган. Бунинг учун қисқа муддатда, уч ярим ой ичида «Газпром» компанияси мутахассисларининг Қозоғистон ва Ўзбекистондаги ҳамкасблари фаол кўмагида диагностика ва таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, янги газ иншоотлари барпо этилди. 

Таъкидланишича, лойиҳанинг амалга оширилиши Ўзбекистоннинг энергетик хавфсизлигини мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшди. Хусусан, жорий йилнинг қиш мавсумида «Газпром» республикага шартнома мажбуриятларидан ортиқ ҳажмда газ етказиб берди. Бу Россия газига юқори талаб ва йўналишнинг долзарблигини кўрсатади. 

Марказий Осиё мамлакатларини газ билан таъминлаш ишончлилигини янада ошириш манфаатларидан келиб чиқиб, 2023 йил ноябр ойида Санкт-Петербург халқаро газ форумида учта стратегик ҳужжат имзоланган эди. Улар «Газпром»нинг Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон билан газ саноати соҳасида узоқ муддатли ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган. 

Марказий Осиёга газ экспортини ривожлантириш истиқболлари тўғрисидаги масала «Газпром» директорлар кенгашига кўриб чиқиш учун киритилади. 

2023 йил ноябр ойида «Газпром» ва Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ҳукуматлари ўртасида энергетика соҳасида ҳамкорлик бўйича стратегик меморандум имзоланган эди.

Мавзуга оид