Жамият | 23:04 / 31.05.2018
14816
2 дақиқада ўқилади

Тижорат учун Кореяга борган ўзбекистонлик қори халқаро Қуръон мусобақасида ғолиб бўлди

Жанубий Кореяда ўтказилган халқаро Қуръон мусобақасида ўзбекистонлик қори ғолиб бўлди. Бу ҳақда quran.uz сайти ўзининг Telegram каналида хабар берган

Маълум қилинишича, мусобақада дунёнинг турли давлатидан 70га яқин қорилар иштирок этган. 

Фото: Telegram/@quranuz_kanali

"Мусобақа фақат тиловат йўналишида, 3 босқичда ўтказилди. 1-босқичда иштирокчилар ўзлари истаган жойдан тиловат қилиб беришди. Шунга қарамасдан, кейинги босқичга фақатгина 20 нафар иштирокчи ўта олди. Мазкур босқичда иштирокчилар ҳакамлар сўраган жойдан Қуръонга қараб тиловат қилиб беришди", дейилади хабарда.

Ҳакамлар қўйган баллар ҳисобига кўра, ғолиблар қаторида ўзбекистонлик Абдурашид Қори Абдураҳимов биринчи ўринни эгаллади. 1996 йил Андижон шаҳрида туғилган мусобақа ғолиби Абдурашид қори 2012 йилда Қуръонни тўлиқ ёд олган. Айни пайтда тижорат ва тирикчилик мақсадида Кореяга борган қори Қуръон мусобақасининг дарагини эшитиб, унда иштирок этди ва халқаро мусобақа ғолибига айланди.​​