Жамият | 11:25 / 18.06.2018
9053
4 дақиқада ўқилади

Божхоначилар йирик миқдордаги муддати ўтган консерва маҳсулотларининг ноқонуний муомаласига чек қўйишди

Сифатсиз ҳамда истеъмол қилиш муддати ўтган озиқ-овқат маҳсулотлари инсон учун энг азиз неъмат – сиҳат-саломатликка жиддий хавф туғдириши шубҳасиз. Афсуски, ушбу оддий ҳақиқатдан кўз юмган айрим кимсаларни юртдошларимизнинг саломатлигидан кўра, мўмай даромад кўпроқ қизиқтираётган кўринади. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Давлат божхона қўмитаси томонидан ўтказилган навбатдаги тезкор тадбир давомида, истеъмолга яроқсиз товарларнинг ноқонуний муомаласининг олди олинди.

Қўмитанинг Контрабандага қарши кураш бошқармаси ходимлари олдиндан тезкор кузатувга олинган иккита “Камаз” русумли юк автоуловларини Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани ҳудудида тўхтатиб, кўздан кечиришганида, ушбу машиналарда ёрлиқлари олинган жами 120 минг дона консерва маҳсулотлари борлиги аниқланди

Дастлабки текширувлар давомида ушбу консерва маҳсулотлари пойтахтдаги ташкилотлардан бирининг омборидан юклаб олиб чиқиб кетилганлиги аниқланди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Шундан сўнг, божхоначилар Тошкент шаҳар, Сергели туманидаги мазкур омборни кўздан кечиришганда, омборхонада муддати ўтган консервалардан шилиб олинган ёрлиқлар қопларга жойлаб қўйилганлиги аниқланди ва ашёвий далил сифатида олинди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Шунингдек, ўтказилган тезкор тадбир давомида мазкур омбордан консерва маҳсулотларини юклаб олиб чиқиб кетган яна бир “Isuzu”русумли юк автоулови Тошкент шаҳри ҳудудида тўхтатиб қолинди. Ушбу машина юкхонасида ҳам ёрлиқлари олиб ташланган жами  27 180 дона консерва маҳсулотлари ноқонуний олиб кетилаётган экан.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Аниқланишича, Ўзбекистон Республикаси Давлат санитария эпидемиология назорат маркази томонидан ушбу ташкилотга берилган санитария хулосасида жами 147.180 дона консерва маҳсулотларининг яроқлилик муддати 2017 йилнинг февраль-июль ойларида тугаганлиги ва истеъмолга яроқсизлиги сабабли белгиланган тартибда йўқ қилиниши сўралган.

Аммо Давлат санитария эпидемиология назорат маркази бош ҳисобчиси Р.Л. ўзи ишлаётган ташкилотнинг хулосасидан хабардор бўлгач, ушбу муддати ўтган маҳсулотларга катта ўлжа сифатида қараб виждонни унутди-да, зудлик билан ўзининг қинғир режасини тузишга киришди.

У муддати ўтган  маҳсулотларни ўзгаларга сотиб, фирибгарлик йўли билан ноқонуний мулкий наф кўриш мақсадини амалга ошириш учун Самарқанд вилояти, Каттақўрғон туманидан харидор топишга эришди.

Уларга консерваларни пуллаш эвазига нақд 30 миллион сўмни қўлга киритмоқчи бўлди. Аммо бузоқнинг югургани сомонхонагача деганларидек, унинг қинғир режасини амалга ошишига божхона ходимлари имкон бермади.

Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг, ушбу қонунбузарлар истеъмол муддати ўтган консерва маҳсулотларига бошқа ёрлиқ ёпиштирган ҳолда муддати ўтган маҳсулотларни ички истеъмол бозорида сотишга эришса бундан қанча юртдошларимизнинг соғлигига жиддий зиён етказиши мумкин эди. Наҳотки нафс бандалари буни ўйлаб ҳам кўришмаган бўлса.

Энди улар қонун олдида қилган қилмишлари учун жавоб беришларига тўғри келади. Ҳозирда қонунбузарлик ҳолатини содир этган шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати

Мавзуга оид