12:20 / 18.06.2018
24176

Халқ банки Сергели туманидаги можароли ҳолат бўйича изоҳ берди

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида акциядорлик тижорат Халқ банки томонидан “Халқ банки: ислоҳот ва самара” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди. 

Фото: Халқ банки матбуот хизмати

Таъкидландики, Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат Халқ банки энг йирик банклардан ҳисобланиб, энг кўп тармоқли филиаллари билан, банклараро бозорда катта аҳамиятга эга. Шунингдек, Халқ банки жисмоний шахслар депозитларининг ҳажми, филиал ва ходимлар сони бўйича Ўзбекистон банк тизимида етакчи ҳисобланади.

– Банкнинг 200 га яқин филиаллари, 29 та мини-банк, 727 та жамғарма ва махсус касса, 186 та халқаро пул ўтказмалари шохобчаси, 180 дан ортиқ валюта айрибошлаш шохобчалари, умуман олганда 3200 дан ортиқ муассасалари мижозлар учун хизмат кўрсатиб келмоқда, – дейди Бошқарув Раиси ўринбосари Низомиддин Аббосов. – Банк анъанавий хизматлар турларини, жумладан маблағларни депозитларга қабул қилиш, кредит бериш, ҳисоб рақамларни очиш ва хизмат кўрсатиш, халқаро пул ўтказмалари, замонавий интерактив банк хизматлари ҳамда кўплаб бошқа банк хизматларини кўрсатади. 

Тадбир давомида журналистларга юртимиз банк соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ва ҳукуматнинг тегишли қарорлари ижроси бўйича Халқ банки томонидан амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги истиқболли режалар юзасидан батафсил маълумот берилди.

Фото: Халқ банки матбуот хизмати
Фото: Халқ банки матбуот хизмати

Шунингдек, мижозларнинг банк хизмат кўрсатиш ҳудудига тўсқинликсиз (ҳужжатларсиз) кириб чиқиши ва “Reception” хизматининг малакали ходимлари томонидан кутиб олиниши йўлга қўйилганлиги айтиб ўтилди. 

Матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси президентининг 2017 йил 13 мартдаги “Пенсия ва нафақалар тўлаш механизмини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси хусусида ҳам сўз борди. 

Ушбу қарорга асосан Халқ банкининг сайёр кассалари орқали республиканинг 3 миллиондан зиёд пенсионерларига бир ойда 1,5 триллион сўм ҳар ойнинг 27-санасига қадар ўз эгаларига етказиб келинмоқда. 

Банкнинг Пул муомаласи ва касса операциялари департаменти директори Жасур Маҳмудов ўтган ҳафтада ижтимоий тармоқларда тарқалган Абдулла Шеровнинг банк фаолиятига доир мулоҳазаларига ўз муносабатини бериб ўтди:   

- Эътибор қилган бўлсангиз, Абдулла Шеров мақоласида жорий йилнинг 7 май куни соат 10:00 ларда маҳаллага борганини, одам кўп, навбатда турганлар 50 кишидан  ортиқлигини ёзган. Бунинг устига нафақа соат 9:00 дан эмас, банкнинг кайфиятига қараб, 14:00 дан тарқатилишини ёзган.

Буни ўрганиб кўрганимизда, Сергели туман “Ҳабибий” маҳалласи пенсия ва нафақаларни тарқатиш маҳаллий ҳокимликлар томонидан тасдиқланган графикка асосан ҳар ойнинг 9-13 саналарида тарқатилиши белгиланган бўлиб, 9 май “Хотира ва қадрлаш” байрам куни муносабати билан “Ҳабибий” маҳалласига 2 кун олдин, ойнинг 7 санасида олдинги маҳаллада эртароқ пенсия маблағлари тарқатилганлиги сабабли соат 14-00 атрофида сайёр касса ходимлари маҳаллага бориб пенсия маблағлари тарқатилиши бошланган.  

Маҳалла йиғини фаоллари томонидан пенсионерларни навбатма-навбат пенсия пулларини олиб кетиши белгиланган.  

Пенсионер Абдулла Шеров ва унинг турмуш ўртоғи Шерова Яқутнинг паспортлари бўйича Сирғали тумани “Ҳабибий” маҳалласида рўйхатда турсада, ҳақиқатда Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида истиқомат қилиши маълум бўлди. Бу ўз навбатида мазкур пенсионерларнинг ортиқча вақт сарфлашига (келиб-кетиш) олиб келган.  

Шунингдек, Абдулла Шеров турмуш ўртоғи Яқут Шерованинг паспортини кўрсатиб унинг иштирокисиз сайёр касса ходимларидан пенсия пулини  беришни сўраган. 

Адлия вазирлигидан жорий йилнинг 14 мартида 2980-сон билан рўйхатдан ўтган “Ўзбекистон Республикаси Акциядорлик тижорат Халқ банки бўлинмалари орқали ишламайдиган пенсионерларга пенсиялар, нафақалар ва бошқа тўловлар тўлашни ташкил этиш тўғрисида”ги йўриқноманинг  5-бандига асосан пенсиялар, нафақалар ва бошқа тўловлар қайдномаларга мувофиқ ҳар ойда етказиб бериш (топшириш) даври мобайнида пенсия ва нафақа олувчининг яшаш жойи бўйича шахсни тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилганда нақд пул шаклида топширилиши белгилаб қўйилган.

Аниқроқ қилиб айтганда, пенсиялар, нафақалар ва бошқа тўловларни қайдномада кўрсатилмаган шахсларга ишончномасиз топшириш қатъиян тақиқланган.    

Абдулла Шер мақоласида: “Эшик олдида тумонат одам. Навбатга турдим. Шу пайт  ўрта ёшли бир киши келиб, онасининг паспортини кўрсатди ва онаси 90 ёшдан ошганлигини, юришга қийналишини, эртага бир ёққа бораётгани учун уйда бўлмаслигини айтиб, унинг нафақасини сўради.” деган.  

Бу ҳам Адлия вазирлигидан жорий йилнинг 14 мартида 2980-сон билан рўйхатдан ўтган йўриқноманинг 6-бандига асосан I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ва мустақил ҳаракатланиш ҳамда пенсиялар, нафақалар ва бошқа тўловларни сайёр кассалардан олиш имкониятига эга бўлмаган шахсларга пенсиялар, нафақалар ва бошқа тўловлар Халқ банки филиали томонидан бевосита уларнинг яшаш жойига етказиб берилиши белгилаб қўйилган. 

Айни вақтда ётоқдаги пенсионерларнинг пенсия ва нафақа пулларини уларнинг уйларига етказиб бериш банк бошқаруви томонидан кунлик назоратга олинган бўлиб, бугунги кунда ойма-ой 755 мингга яқин фуқароларнинг маблағлари уйларига етказиб берилмоқда.  
 
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда фикр юритадиган бўлсак, Абдулла Шеровнинг жамғариб бориладиган пенсия тизими борасидаги фикрлари асоссиз, масалани тўғри тушунмаганликда, деб биламан. Албатта, бунда бизнинг ҳам айбимиз бор. Чунки тизимда амалга оширилаётган ислоҳотларни, қонунчиликда бўлаётган ўзгаришларни оммавий ахборот воситалари орқали кўпроқ ва кенгроқ ёритиб боришимиз керак экан, дейилади хабарда.

Top