16:07 / 27.06.2018
5582

Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш бўйича ҳукумат қарори қабул қилинди

Фото: Pixabay

Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар бермоқда.

Қарор билан 2018 йил 5 апрелга қадар нодавлат мактабгача таълим муассасалари ташкил этиш мақсадида бўш турган ер участкаларини ва бўш турган давлат мулки объектларини бепул асосда олган тадбиркорлар билан давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузишга рухсат берилди.

Ўзбекистон Республикасини Ривожлантириш давлат дастурларини молиялаштириш жамғармасига 2018 йил 28 июнгача бўлган муддатда тадбиркорларга 15 йил муддатга фоизсиз асосда, шу жумладан, уч йиллик имтиёзли давр билан имтиёзли кредит бериш учун кредит линиялари очиш тўғрисида битимлар тузиш вазифаси юкланди.

Бўш турган ер участкаларини ва бўш турган давлат мулки объектларини бепул асосда олган давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузмаган тадбиркорларга имтиёзли кредитлар ажратилмайди.

Top