Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида жойлашган 71-сонли мактабгача таълим ташкилоти 1966 йилда қурилган. Шундан буён муассаса умуман капитал таъмирланмаган эди. 2023 йилдаги 4 млрд сўмлик капитал таъмирдан болалар боғчаси бутунлай ўзгарди.
Бинонинг деворлари эскирган, пойдеворида захлаш аломатлари юзага келган. Ойналар эски ёғоч ромларга михлангани сабаб, хоналарга шабада кириб турган. Натижада қишда хоналар яхши исимаган. Боғча ички қисмидаги ёғоч поллар нимжонлашиб, баъзи жойлари чўкиб кетган. Ҳожатхона ҳамда ювиниш хоналари яроқсиз ҳолга келган.


Муассаса ҳовлисидаги асфалтланган пиёда йўлларида чўнқирлар ҳосил бўлган ва тарбияланувчиларнинг эркин ҳаракат қилишига тўсқинлик қилган.


Мавжуд ҳолатлар ҳисобга олиниб, Шайхонтоҳур туманида жойлашган 71-сонли мактабгача таълим ташкилотида 2022 йил 19 декабр санасидан капитал таъмирлаш ишлари бошланди. Ташкил этилганидан буён роппа-роса 56 йил ўтиб, илк бор тўлиқ таъмирдан чиққан ушбу даргоҳни сайқаллаш ишлари 2024 йил бошида якунланди. 4 млрд сўм ҳиcобига таъмирланган мазкур мактабгача таълим муассасаси жорий йил февраль ойидан болажонларни ўз бағрига чорлай бошлади.
– Боғча қуввати 360 та болага мўлжалланган. Жами 12 та гуруҳ очилади. Ҳар бир гуруҳга 30 нафардан бола қамраб олинади. Ёшига қараб, болалар кичик, ўрта, катта ва тайёрлов гуруҳларига ажратилади. Кичик гуруҳга 2020-2021 йилда, ўрта гуруҳга 2019 йилда, катта гуруҳга 2018 йилда, тайёрлов гуруҳларига 2017 йилда туғилган болалар қабул қилинади.
Тўловлар битта болага 246 минг, агар бир оиладан иккита бола қатнайдиган бўлса, 175 мингдан. Кам таъминлаган ва боқувчисини йўқотганларга имтиёзлар ҳам бор. 1 феврал санасидан қабулни очиқ деб эълон қилдик, ҳозиргача 145 болани олдик, – дейди мактабгача таълим ташкилоти мудираси Шоҳида Қодирова.

















