Жамият | 21:20 / 02.07.2018
13995
3 дақиқада ўқилади

600 миллион сўмлик маиший техника буюмларинининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди

Тошкент вилояти божхоначилари томонидан юртимизга маиший техника буюмларини қайта сотиш мақсадида ноқонуний равишда олиб киришга бўлган уринишларнинг олдини олиш йўналишида аниқланган 4 та қонунбузарлик ҳолатида умумий қиймати қарийб 600 миллион сўмлик маиший техника буюмлари тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати KUN.UZ’га маълум қилмоқда.  

Божхоначилар Тошкент вилояти, Зангиота тумани ҳудудида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Т.Ш. бошқарувидаги “Исузу” русумли юк автоуловини “Тошкент – Термиз М-39” трассасида тўхтатиб, ҳайдовчи ва холислар иштирокида кўздан кечиришди.

Натижада ушбу автоулов юкхонасида хорижда ишлаб чиқарилган, хеч қандай ҳужжатлари бўлмаган, жами нархи 148 800 000 сўмлик 54 дона турли русумдаги кондиционерлар, 4 дона  музлатгич ҳамда 13 дона чангютгич борлиги аниқланди. Ушбу товарлар “Ғишткўприк” ва “Навоий” чегара божхона комплекси орқали жисмоний шахслар томонидан оз-оз миқдорда олиб кирилиб тўпланганлиги, маълум хақ эвазига Самарқандга олиб кетилаётганлиги маълум бўлди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Шунга ўхшаш яна бир ҳолатда фуқаро Н.У. бошқарувидаги Mercedes-benz русумли юк автоулови тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилганида, автоулов юкхонасида хорижда ишлаб чиқарилган, ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган умумий нархи 99 200 000 сўмлик 46 дона турли русумдаги кондиционер борлиги аниқланди. Юртимизга ташмачилар кўмагида оз-оз миқдорда олиб кирилган мазкур товарлар ҳам Самарқандга олиб кетилаётган экан.

Ўтказилган тадбир давомида фуқаро З.Х. бошқарувидаги “ГАЗЕЛ” русумли юк автоулови тўхтатилиб, кўздан кечирилганда эса, мазкур  автоулов юкхонасида умумий нархи 132 000 000 сўмлик 60 дона Gree GWH12 номли кондиционерлар борлиги аниқланди. Қарангки, хорижда ишлаб чиқарилган  ушбу товарлар ҳам юртимизга кам-кам миқдорда олиб кирилиб, қайта сотиш мақсадида олиб кетилаётган экан.

Божхоначилар пойтахтимизнинг Юнусобод тумани ҳудудида ўтказилган тезкор-қидирув тадбири давомида фуқаро А.Снинг яшаш хонадони ва ёрдамчи хўжаликлари ўзи ва холислар иштирокида кўздан кечиришди.

Натижада ушбу хонадондан фуқаро А.И.га тегишли, ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган, хорижда ишлаб чиқарилган умумий нархи  213 600 000 сўмлик жами  98 дона турли русумдаги кондиционерлар борлиги аниқланди.

Мавзуга оид