18:13 / 02.07.2018
26251

Молия вазири Ўзбекистон олдида турган жиддий макроиқтисодий масала ҳақида фикр билдирди​

Фото: Халқаро пресс-клуб

Бюджет тақчиллиги Ўзбекистон иқтисодиётига жиддий зарарни келтириши мумкин, деб баёнот берди Ўзбекистон Молия вазири Жамшид Қўчқоров.

2 июль куни Тошкент шаҳрида янги солиқ Концепцияси атрофидаги муҳокамаларга бағишланган анжуман бўлиб ўтди. Унда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - Молия вазири Жамшид Қўчқоровнинг таъкидлашича, Ўзбекистон иқтисодиёти олдида ҳали катта макроиқтисодий масалалар турибди.

«Жорий йилнинг иккинчи ярмида биз йирик натижаларга умид қилиб турибмиз, аммо, олдимизда ҳали катта макроиқтисодий масалалар турибди. Биз катта бюджет тақчиллигига дуч келишимиз мумкин. Ишонинг, бу катта фалокат», дея қайд этиб ўтган вазир.

Қўчқоровнинг сўзларига кўра, тақчиллик доим юқори кўрсаткичдаги инфляцияни етаклаб келган. У бюджет тақчиллиги масаласи юзага келса, келгуси йилда инфляция даражаси 15 фоизгача кўтарилишини эслатиб ўтди.

«​Тасаввур қиляпсизми, бу йил инфляция 12-14 фоиздан паст бўлмайди. Агар 2019 йили катта бюджет тақчиллиги юзага келса, яна бир йил инфляция кўрсаткичи 15 фоиз атрофида бўлиши мумкин. Бу эса фалокат»​, дейди Қўчқоров.

Молия вазири мамлакат макроиқтисодий барқарорлигида бюджет тақчиллиги масаласи муҳим омил эканини айтиб, келгуси 3 йил давомида ҳукумат тақчилликка йўл қўймаслик чораларини кўришини айтди.

Top