Ўзбекистон | 19:04 / 05.07.2018
44127
2 дақиқада ўқилади

Оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олишга доир қарор имзоланди

Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 2 июлдаги 3827-сонли қарорига мувофиқ, ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни инобатга олган ҳолда, қуйидагилар ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари этиб белгиланди:

  • ўз жонига қасд қилишга мойил хулқ-атворни ҳамда жамиятдаги ва оиладаги маънавий-ахлоқий муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи бошқа ҳолатларни қўзғата оладиган оилавий ва шахслараро низоларнинг, депрессив вазиятларнинг эрта олдини олиш, шунингдек, ушбу жараёнда кенг жамоатчилик иштирок этишини таъминлаш;
  • ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш тизимини йўлга қўйишда, юзага келадиган низоли вазиятларни, биринчи навбатда оилавий-маиший низоли вазиятларни ҳал қилишда давлат органларининг ўзаро ҳамкорлигини, шу жумладан фуқаролик жамияти институтлари билан самарали ҳамкорлик тизимини шакллантириш;
  • низоли вазиятларнинг эрта олдини олишга, энг аввало, «хавф остидаги гуруҳ»да бўлган шахслар ва оилаларни аниқ мақсадда қўллаб-қувватлаш орқали ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш тизимини такомиллаштиришга фуқаролик жамияти институтларини кенг жалб қилиш;
  • низоли вазиятлар, шу жумладан оилавий-маиший зўрлик ишлатиш сабабларини, ўз жонига қасд қилиш кайфиятини қўзғатадиган омилларни аниқлаш ҳамда ўрганиш, уларни бартараф этиш чораларини кўриш;
  • жамиятда оилавий-маиший тусдаги зўрлик ишлатишнинг ҳар қандай кўринишига нисбатан, биринчи навбатда, яқин қариндошлар томонидан муросасиз муносабат муҳитини, шу жумладан жазо муқаррарлигини таъминлаш, оғир ижтимоий аҳволдаги шахсларни қўллаб-қувватлаш орқали қарор топтириш;
  • жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни ошириш, оилавий ва шахслараро муносабатлар соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш, ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш жараёнларига дахлдорлик ҳиссини кучайтириш.

Мавзуга оид