Жаҳон | 23:13 / 11.07.2018
21954
2 дақиқада ўқилади

КВН бўйича Тожикистон терма жамоаси сардори 12 йилга озодликдан маҳрум этилди   

Фото: Sputnik

Тожикистон суди мустақил журналист, КВН бўйича Тожикистон терма жамоаси сардори, 40 ёшли Хайрулло Мирсаидовни ёлғон маълумот етказиш, давлат пулларини ўзлаштириш ва сарфлаб юбориш ҳамда ҳужжатларни қалбакилаштириш айбловлари билан 12 йилга озодликдан маҳрум этди.   

Мирсаидов жазони қаттиқ тартибдаги колонияда ўтайдиган бўлди.

Сўғд вилояти прокуратураси Мирсаидовни 2017 йил 5 декабрда унинг очиқ хатидан кейин ҳибсга олган. У хатида Сўғд вилоятининг ёшлар ишлари бўйича бошқармаси бошлиғини коррупцияда айблаган. Мирсаидов устидан суд жараёни 8 июнда бошланган. У ўзини қисман айбдор деб тан олган.

“Агар судланувчи 123913 сомоний (14 минг доллар) миқдорида давлатга етказилган зиённи тўлаб берганда қамоққа олинмаган бўларди”, деб айтган судья.

Мирсаидовнинг адвокати Дилафрўз Самадова ҳукм устидан арз қилишини ва унинг адолатсизлигини айтган. “Суд Мирсаидовга қўйилган айбловлардан бирортаси бўйича  айбини исботлай олмаган”, деб айтган адвокат.

Мирсаидов судда КВН бўйича Тожикистон терма жамоасига ажратилган маблағларни сарфлаб юбормаганини ва жамоа билан Москва лигаси яримфиналигача бора олганини айтган. Бироқ ҳукуматнинг клуб фаолиятига муносабатининг танқид қилиниши унинг панжара ортига тушишига сабаб бўлган.

Ушбу ҳукмга АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франциянинг Тожикистондаги элчихоналари дарҳол муносабат билдирган. Улар “мустақил журналист Мирсаидов устидан суд жараёни олиб борилганидан жиддий хавотир” билдиришган ва Тожикистондаги мутасадди идоралардан чиқарилган ҳукмнинг қайта кўриб чиқилишини талаб қилишган.

Мавзуга оид