18:19 / 13.07.2018
6648

Давлат бошқарувининг алоҳида тартиби тажриба сифатида синовдан ўтказила бошланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти девони ва Адлия вазирлигининг масъул ходимлари томонидан “Мирзо Улуғбек туманида эксперимент тариқасида давлат бошқарувининг алоҳида тартибини жорий этиш тўғрисида”ги Кенгаш қарори лойиҳаси тайёрланди ва у Халқ депутатлари Мирзо Улуғбек тумани Кенгаши томонидан тасдиқланди. 

Қарорга мувофиқ туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари лавозими тугатилди ҳамда туман ҳокимининг капитал қурилиш, ободонлаштириш ва транспорт масалалари бўйича ўринбосари, туман ҳокимининг уй-жой ва коммунал хизмат кўрсатиш масалалари бўйича ўринбосари ҳамда туман ҳокими аппарати раҳбари лавозимлари жорий этилди.

Фото: Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Туман иқтисодиёт ва комплекс ривожлантириш бўлими, туман ҳокимлиги молия бўлими, туман уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими ва туман қурилиш бўлими туман ҳокими аппарати тузилмасига киритилди.

Мирзо Улуғбек туман ҳокими аппарати бошқарув ходимларининг умумий сони 79 нафардан иборат бўлган ташкилий тузилмаси тасдиқланди. Таъкидлаш керакки, ҳокимликнинг аввалги ташкилий тузилмасида бошқарув ходимларининг умумий сони 23 нафарни ташкил этган эди.

Туман ҳокими аппаратининг тасдиқланган ташкилий тузилмасига туман бюджетининг тасдиқланган параметрлари доирасида Тошкент шаҳар ҳокими билан келишилган ҳолда халқ депутатлари туман Кенгаши қарори билан ўзгартириш киритилиши мумкинлиги белгилаб қўйилди.

Фото: Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Лойиҳа муаллифларининг сўзларига кўра, Мирзо Улуғбек туман ҳокимига туман маҳаллий бюджети даромадлари прогнозининг ортиғи билан бажарилган қисми ҳисобидан туман ҳокими аппарати ҳамда давлат бошқаруви органларининг туман бўлимлари ходимлари лавозим маошларига, улар фаолиятини баҳолаш натижаларига кўра, лавозим маошининг 200 фоизигача устама белгилаш ҳуқуқи берилди.

Бундан ташқари, Халқ депутатлари Мирзо Улуғбек тумани Кенгаши фаолиятини ташкилий жиҳатдан таъминлаш мақсадида Кенгашнинг доимий асосда фаолият юритувчи 3 нафар ходимдан иборат Кенгаш котибияти ташкил қилинди.

Котибият фаолиятига Кенгаш аъзолари орасидан сайланадиган депутат – Кенгаш котиби раҳбарлик қилади.

Мазкур қарор билан маҳаллий бюджетга йўналтириладиган бир қатор қўшимча тушумлар ҳам белгилаб берилди.

Туман ҳокими ва унинг ўринбосарлари иштирокида тузилган кўплаб комиссиялар (кенгашлар) тугатилиб, уларнинг вазифа ва функциялари тегишли давлат органлари зиммасига юклатилди.

Фото: Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Белгиланган бу каби вазифалар Мирзо Улуғбек туманидаги давлат ҳокимияти органлари фаолиятини тубдан яхшилаш, ҳудуддаги мавжуд муаммоларни ҳал қилишда уларнинг ролини ошириш, шунингдек, 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини ижро этишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Top