03:14 / 13.07.2018
28758

Фурқат Раҳимов Самарқанд шаҳар ҳокимлигида қурилиш ва ободонлаштириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги мажлислар залида шаҳар ҳокимлиги аппарати аъзолари, сектор раҳбарлари, шаҳардаги корхона-ташкилот раҳбарлари иштирокида, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишни Самарқанд шаҳар ҳокими Фурқат Раҳимов олиб борди.

Мажлис аввалида асосан шаҳардаги ободонлаштириш масалаларига эътибор қаратилди. Хорижлик сайёҳлар ва шаҳар меҳмонлари учун шаҳарнинг гулларга буркаш ободонлаштириш билан шуғулланувчи ходимларнинг муҳим вазифаси эканлиги қайд этилди. Уч кун муқаддам бўлиб ўтган мажлисда берилган топшириқлар ижроси назорат қилинди.

Шаҳарда озодаликка эътибор янада кучайтирилиши, жумладан маиший чиқиндиларни босқичма-босқич 3 хил турларга ажратиш учун қисқа муддат ичида шаҳарда 500 дан зиёд янги контейнерлар ўрнатилиши, бундай учталик контейнерларнинг аллақачон 20 таси ўрнатиб бўлингани ҳақида ҳисобот эшитилди.

Шунингдек, шаҳар ҳокими шаҳарда олиб борилаётган кенг миқёсдаги қурилиш ва ободонлаштириш ишлари, жумладан Аэропорт йўли ва Бўстонсарой кўчаларида хонадонлари бузилаётган фуқаролар билан ишлаш, бузилаётган ҳудудларда амалга оширилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари ижроси билан қизиқди.

Шаҳарнинг тарихий қисмига ёндош ҳудудларда тўхтатиб қўйилган ноқонуний қурилиш ишлари ҳақида ҳам сўз борди. Шаҳар ҳокими мутасаддиларга шаҳарда амалга оширилаётган қурилиш ишларида мавжуд меъёр ва қоидаларга қатъий амал қилиш, таниш-билишчилик ёки бошқа воситалар эвазига қоидабузарликка кўз юмишга асло йўл қўйиб бўлмаслигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Ҳокимлик олдида турган яна бир масала — шаҳардаги мактаблар ва мактабгача таълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг қисқача ҳисоботи ҳам тингланди.

Ошкора руҳда ўтган мажлис сўнгида ҳалоллик ва ўз касбига пухта ёндашув, шаҳар фуқароларнинг мурожаатларини тинглаш Самарқанд шаҳрида ишлаётган ҳар бир раҳбарнинг асосий иш тамойили бўлиб қолиши кераклиги таъкидлаб ўтилди.

Эслатиб ўтамиз, Самарқанд вилояти раҳбариятининг ишдан олиниши оид миш-мишлар фонида Самарқанд шаҳар ҳокими Ф.Раҳимов ҳам ишдан кетгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Кейинчалик шаҳар ҳокимининг ишдан кетгани ҳақидаги хабар ўз тасдиғини топмаган, бироқ вилоят ҳокими Т.Жўраев лавозимидан озод қилингани ойдинлашган эди. Эртага — 13 июлдан бошлаб Сурхондарё вилояти ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Эркинжон Турдимов Самарқанд вилояти ҳокими лавозимига киришиши кутилмоқда.

Шуҳрат Шокиржонов.

Тошпўлат Раҳматуллаев фотолари.

Top