Спорт | 13:10 / 16.07.2018
15705
11 дақиқада ўқилади

«Французча прагматизм»: Ғоями ёки ечим?

Футбол ҳар тўрт ёки икки йилда бўлмайди. Барибир асосий улуш клублар футболига тўғри келиб, топ мураббийлар ҳам ўша томонда фаолият юритишса-да, футбол юлдузларининг асосий фаолияти ҳам айнан клублар футболида кечса-да, жаҳон футболи тамаддунининг йўналиши терма жамоалар иштирок этадиган турнирларда белгиланади. Нега биласизми?

Энг яхши асарлар цензура даврида, энг яхши ихтиролар дангасалик туфайли дунё юзини кўрганидек, футболда ҳам чекланганлик фактори янги ғояларга, услубларга сабаб бўлади. Клублар футболида молиявий яхши таъминланган мураббийлар энг юқори савиядаги футболчиларни олиб келиш орқали, ҳам кўп муаммоларни ҳал қилишлари мумкин, ғолиб жамоалардаги мураббийлар факторини пайқаш ҳар доим ҳам осон бўлмайди. Терма жамоа эса бошқа дунё, бу ерда чекланган футболчилар, чекланган вақт билан вазифани бажариш учун энг мақбул тактикани ўйлаб топишга мажбур бўлинади. Баъзида ўша ўйлаб топилган ғоялар, тактикалар футболнинг кейинги йўналишини белгилаб ҳам беради. 

Мана шу ракурсдан қараганда, кеча тугаган жаҳон чемпионати футболга нима беради? Қандай футбол энг нуфузли турнирда намуна бўлди?

Масалан, Россия-2018 турнирига қараганимизда, кўпроқ прагматизмни кўришимиз мумкин. Кучсизроқ жамоаларнинг ҳимояга кўпроқ эътибор қаратиб, тартибли ўйин эвазига анча юқори ўринларгача етиб борганликларини олдин ҳам кўрардик. Масалан, ЖЧ-2014 турниридаги Коста-Рика. Лекин бу сафар фақат Коста-Рика ёки Швеция эмас, турнир фаворитлари ҳам кўпроқ ҳимояга эътибор беришгани, чиройли футбол билан ҳаммани ром қилиш эмас, ғалаба қозониш учун, ўйнаш эмас, курашиш учун майдонга тушишгани кўзга ташланди.

Турнирнинг энг кучли терма жамоалари бўлган Франция ва Бразилия ёрқин мисол. Бу жамоалар таркибида Неймар, Погба, Мбаппе, Коутиньо каби индивидуаллар бўлишига қарамасдан, бу футболчиларнинг ҳар бири жамоавий футбол, мураббий кўрсатмалари учун ўз услубларидан бироз чекинишди.

Ҳатто Бельгия ҳам, Тунис ва Панамага қарши ўйинларда позицион ўйин кўрсатиб, жиддий ўйинларга келганда схемасини ўзгартирди – Мертенс ўрнига ярим ҳимояга бир ўйинчини чиқариш орқали, асосан ҳимоядан тезкор ҳужумга асосланган 4-3-3 схемасига ўзгарди.

Худди шу фикрни Францияга нисбатан ҳам ишлатишимиз мумкин. Эсингизда бўлса, Австралияга қарши дастлабки ўйинда Франция олдинда Дембеле – Мбаппе – Гризманн учлиги билан, кўпроқ комбинацион футбол ва ўрта масофадаги пасларга асосланиб ўйнашга ҳаракат қилган эди. Ва айнан ўша ўйин Франциянинг учун кўпроқ қийинчилик туғдирганди. Кейин эса, Дешам Дембеле ўрнига «таргетмен» туширишга қарор қилди – Жиру асосий таркибда, Мбаппе ва Гризманн энди орқароқдан ҳаракат қилиб, зоналар очиш билан шуғулланишди. Погбанинг вазифаси рақиб жарима майдони яқинида тўпни назорат қилиш эмас, тезда бўш зоналарга етказиш бўлди.

Аввалига, бу ўзгариш айнан Австралияга қарши ўйиндаги муаммолар туфайли деб ўйлагандим. Аммо План Б аслида План А бўлиб чиқди, ҳеч қандай  муаммога учрамаган Бельгиянинг ҳам плей-оффда ўзгарганини ва Франция кейинги услубга осонлик билан кириб олганини эътиборга олсак, Дешам ҳам худди Мартинес каби, гуруҳ босқичини кам куч сарфлаб, осонлик билан босиб ўтишни, асосий қуролни муҳим учрашувлар учун сақлашни ихтиёр этган бўлиши мумкин.

Умуман, ушбу жаҳон чемпионатидаги асосий қурол – ҳимоядан ҳужумга чиқиш – қайси жамоада шу ҳолат тезкор ва яхши йўлга қўйилган бўлса, ўша жамоалар муваффақият қозонаверди.

Аксинча, шу жабҳада бироз оқсаган ва тўпни энг кўп ярим ҳимояда ушлаб турган икки жамоа – Германия ва Испания муваффақиятсизликка учради. Энг эътиборлиси, бу жамоалар «мода» услубни энг юқори савияда ўзлаштирган жамоаларга эмас, анча ўртамиёна бўлган Россия, Мексика ёки Жанубий Кореяга мағлубиятга учрашди. Шунинг ўзи ҳам ушбу турнир трендини исботлаб турибди.

Эътибор беринг, дарвозага берилган аниқ зарбалар нисбати  бўйича – Франция 9-ўринда, Германия ва Испания мос равишда иккинчи ва учинчи. Тўпни назорат қилиш бўйича, Германия ва Испания биринчи ва иккинчи ўринда, Франция 19-ўринда! Ўртача аниқ паслар – Германия ва Испания яна пешқадам, Франция 17-ўрин.

Германиянинг гуруҳдаги энг яхши ўйини Швецияга қарши ўйин бўлди, тўғрими? Гап фақат ўша ўйинда ғалаба қозонилганида эмас, ўйин темпи, ҳимоядан ҳужумга чиқиш, жуда кўп жабҳаларда немислар кучли ўйин кўрсатишди. Сабаби, балки Лёв Ўзил ва Крооснинг бир вақтда майдонда бўлиши ҳужумга чиқишни секинлаштирган, позицион ҳужумлар улушини ошириб юбораётганини ҳисобга олиб, улардан биридан воз кечгани бўлгандир? Аммо Кореяга қарши ўйинда яна эски услубга қайтилди ва ...

Дешам ва Мартинес Дембеле ва Мертенсни захирага ўтказиш орқали тактик мослашувчанликни намойил қилишган бўлса, Лёвда бунга қатъийлик етишмади. Аслида, назаримда, Германия терма жамоаси таркиби кучли, ўзгаришлар учун салоҳият ҳам, шароит ҳам бўлган. Билмадим, балки Лёв муҳим трендни англаб олгунча, гуруҳ босқичи тугаб қолгандир, учинчи турда ҳам натижа учун ўйнаш халақит қилиб, ўзи билган усулда қолишни афзал билгандир.

Асосий саволга қайтамиз, жаҳон чемпионатида кузатилган бу тенденция футболни ўзгартирадими? Наҳотки, Жозе Моуриньо даври келган бўлса?

Менимча, йўқ. Бу сафар ундай бўлмайди, яъни мундиалда ғалаба қозонган ва иш берган ғоя янги урф ва анъаналарни олиб киришига ишониш қийин ва бунга бир неча сабаблар бор.

Энг асосийси, футболда доим топ клублар эргаштирувчи мақомда бўлиши таъкидлаш керак. Топ-клублар учун энг аҳамиятли жиҳат барибир майдонда устунлик қилиш, тўпни ва ўйинни тўп билан назорат қилиш бўлиб қолаверади. Чунки, жамоа мавсумдаги ўртача 60 ўйиндан 55тасини ўзидан ҳар жиҳатдан паст бўлган ва катта эҳтимол билан ҳимояга эътибор қаратиб, дуранг учун ўйнайдиган рақибларга қарши ўтказади. Топ-клуб ўз ўйин услубини ва асосий қуролини айнан мана шундай жамоаларга мослаб қуришга мажбур. Айнан ўша жамоаларни ютиш орқали чемпионликка эришилади.

Саккиз йил олдинги Испания (тўп билан ҳимояланиш, тўпни назорат қилиш, юқори прессинг) ва тўрт йил олдинга Германия (яна тўп назорати, фаол қанотлар) айнан топ клублар учун формула тақдим этган, майдонда доминант бўлиш учун йўл кўрсатганди. Табиийки, жуда кўп мураббийлар ўша услубларни ўзлаштиришган, бугунги кундаги топ-клубларнинг кўпи мана шу терма жамоаларга яқин услубда ўйнашади.

Франция эса, бундай қурол тақдим этмади, Дешам «америка очмади». Франция қисқа турнирда соврин эга бўлиш учун энг мос бўлган йўналишни кўрсатди. Дешам дунё футболини ўз ортидан эргаштирувчи ўйинни эмас, мана шундай қисқа пайтда, чекланган ва ноқулай шароитда энг самарали ечимни ҳаётга кўчирди холос. Бетараф мухлислар чемпиондан кўнгли тўлмаган бўлиши мумкин, аммо бу қайси томондан қарашга боғлиқ, дорбоз ҳар қанча томошабоп ҳунарлар кўрсатмасин, альпинист ҳам олқишга лойиқдир.

Франциянинг услуби, Мбаппенинг устунлиги ҳам, айнан плей-оффдан бошлаб кўзга ташлангани табиий, чунки бундай ўйнаш куч жиҳатидан яқинроқ бўлган рақибларга нисбатан яхшироқ ишлайди. Франциядан бир гол ўтказиб юборган Уругвай айтайлик, «Барселона»дан бир гол ўтказган «Сельта» каби, барибир ҳимояни қаттиқ ушлаб, ўйин охиридаги имкониятни кутмайди. Уругвай мажбуран ҳужумга боради, у ҳам Франция билан тенг позицияда кўради ўзини. Бу эса, Франция учун айни муддао. «Селта» ёки «Вест Ҳэм»дан бундай юқори амбицияни кутиш қийин.

Демак, «Барселона» ёки «Манчестер Сити»га Франциядек ўйнашни маслаҳат бериш тўғри бўлмайди. Ҳатто Моуриньонинг «МЮ»си ҳам, аксарият ўйинларда ҳисобни очгунча ҳужумкор ўйин кўрсатади. Жозе катта ўйинларда, топ-клубларга қарши Дешамнинг услубига яқин ечим излайди, холос. Аммо у ҳам, бу услуб вақтинча ва фақат кубок тизимига мос эканини, чемпион бўлиш учун позицион ўйинни ривожлантириш шарт эканини билади. Фреднинг трансфери ёрқин мисол.   

Франция бўлиб ўйнаш фақат ўша савиядаги рақибларга қарши кўпроқ иш беради. Франция Аргентина ёки Бельгия билан осонроқ ўйнади, Перу билан ўзини жуда ноқулай ҳис қилди. Топ-клуб пойдевори бундай прагматизм устига қурилиши имконсиз, чунки миллий чемпионатда жамоа аксарият ўйинларини «перу»ларга қарши ўтказади.

Катта эҳтимол билан Чемпионлар Лигаси сўнгги босқичларида ёки навбатдаги Европа чемпионатларида мураббийлар мана шундай прагматизмга мурожаат қилишлари мумкин ва ҳатто айтиш мумкинки, бунга анча бўлди ҳам. Зиданнинг «Реал»и аслида сўнгги йилларда омад ёки Роналдунинг голлари эвазига эмас, аслида, мана шундай прагматизм билан ғалаба қозонганини пайқаш энди осонроқ. Франция терма жамоаси буни қисқа турнирда, янада аниқроқ қилиб намойиш қилиб берди – ахир «Реал» топ-ўйинларда шунақа ўйнамаганмиди?

Яъни, хулоса қилиш мумкинки, жаҳон чемпионати кеча тугади. Ростан ҳам тугади, бу турнирдан янги ғоя ёки йўналишларни қидириш у қадар тўғри эмас. Клублар футболи бир ойдан кейин, ўша қолган жойидан давом этади.

«Реал» Лопетегини таклиф қилди. «Челси»да Сарри иш бошлайди. Эмери, Гвардиола, Клопп, Почеттино асосан ўз ўйинини қуришни истайдиган мураббийлар. «Ювентус» ёки «ПСЖ»да гегемонликка асосланган ўйин услубидан бошқа йўл йўқ. Жозе Моуриньо эса, Манчестерда қолиш учун соврин ютишга мажбур. Худди Дешамни «зерикарли», «ажойиб юлдузларни увол қилди» қабилидаги ўта кескин танқидлардан фақат чемпионлик қутқариб қолгандек. 

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид