17:20 / 23.07.2018
6038

ОАВ: Трампнинг импульсив ҳаракатлари Пентагонга босим ўтказмоқда

Фото: Sandy Huffaker/Getty Images

АҚШ президенти Дональд Трампнинг импульсив хатти-ҳаракати Пентагонда «беқарорлик ва стресс» даражасини оширмоқда, деб ёзади Politico манбаларга таянган ҳолда.

АҚШ президенти Дональд Трампнинг қўли остидаги ходимларни аввалдан огоҳлантирмасдан туриб сиёсий баёнотлар бериши «беқарорлик ва стресснинг қўшимча даражасини келтириб чиқармоқда», дейди Қўшма Штатлар Мудофаа вазирлигининг собиқ юқори мансабли амалдорларидан бири.

Politico’нинг ёзишича, Трампнинг кутилмаган ҳаракатларга мойил экани унинг мудофаа соҳасидаги етакчиларига таъсир қилди. Масалан, у деярли огоҳлантирмасдан буйруқларни берган ёки йирик сиёсий қарорларни қабул қилган. Хусусан, бу алоҳида космик кучларни ташкил этиш, АҚШнинг Европадаги қўшинлари сонини қисқартириш бўйича фармонларга алоқадор.

Шунингдек, собиқ амалдорларнинг айтишича, Трампнинг импульсив фармонлари АҚШ президенти маъмуриятининг Оқ уйда ҳарбий масалаларни «микробошқариш» стратегиясини ўзгартириш бўйича саъй-ҳаракатларига зарар етказяпти.

Трампга қадар «бизда, албатта, ҳеч қачон президентдан твиттер орқали тўғридан-тўғри келувчи директива бўлмаган», дея таъкидлайди мудофаа соҳасидаги собиқ юқори мансабли амалдор.

«Бу шундоқ ҳам катта стресс остида бўлган ташкилотга беқарорлик ва қўшимча стресс даражасини юкламоқда», - дея ҳисоблайди собиқ амалдор.

Бироқ, президентлар Жорж Буш ва Барак Обама даврида Пентагон ҳамда Миллий хавфсизлик кенгашида ишлаган Лорен Шульманнинг Politico’га айтишича, Обама пайтида ҳам шундай ҳолатлар учраб турган. Обама 2011 йили ҳарбий бюджетдаги йирик қисқартиришлар ҳақида эълон қилиб, мудофаа маҳкамаси раҳбарларига ўзига хос сюрприз қилган, дея қайд этади Шульман.

Шунингдек, Обама чиқишидан атиги бир неча кун аввал Мудофаа вазирлиги раҳбари Роберт Гейтсни хабардор қилган, бу унинг учун «бутунлай шокка» айланган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трампнинг ишончи пучга чиққани, Вашингтонда ваҳима пайдо бўлгани хабар қилинганди.

Top