Сешанба куни Украинага ёрдам бериш бўйича контакт гуруҳининг «Рамштайн» формати бўйича навбатдаги йиғилишида АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин Европадаги иттифоқчиларни АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти гарчи Вашингтонда ҳозир қуроллар етказиб бериш учун маблағ йўқлигига қарамай, ҳамон Украинани қўллаб-қувватлашга содиқ эканига ишонтиришга уринди.
«Украина қўшини қийин шароит ва оғир жангларга дучор бўлди. Украинанинг тинч аҳолиси Россия ракеталари ва Эрон дронларининг мунтазам зарбаларидан азият чекмоқда. Аммо Украина чекинмайди, Қўшма Штатлар ҳам. Шунинг учун бугунги мурожаатимиз аниқ: Қўшма Штатлар Украина муваффақиятсизликка учрашига йўл қўймайди. Бу коалиция Украинага муваффақиятсизликка учрашига йўл қўймайди ва эркин дунё Украинага муваффақиятсизликка учрашига йўл қўймайди», — деган АҚШ мудофаа вазири Германиянинг «Рамштайн» ҳарбий базасидаги учрашув аввалида.
Шу билан бирга, Остин Конгресс бу мақсадлар учун маблағ ажратишга шошилмаётган шароитда Вашингтон Украинани айнан қандай қилиб қўллаб-қувватламоқчи эканига аниқлик киритмаган.
Учрашувдан кейинги матбуот анжуманида Остин журналистларга шундай деган: «Украина омон қолиши хавф остида… Бизнинг иттифоқчиларимиз ва ҳамкорларимиз саъй-ҳаракатларни оширишда давом этмоқда, Қўшма Штатлар ҳам шундай қилиши лозим».
Америкалик расмийлар молиялаштиришдаги тақчиллик аллақачон Украина фронтидаги вазиятга жиддий таъсир кўрсатаётгани, Украина қуролли кучлари чекланган ресурслар шароитида ҳаракатланиб, ўқ-дориларни тежашига тўғри келаётганини тан олишади.
«Ўйлайманки, иттифоқчилар бизнинг молиялаштириш бўйича вазиятимиздан яхши хабардор ва биз уларни етказиб бера олмаётганимиз туфайли (қуроллар ва ўқ-дорилар) тақчилликни бошдан кечираётган украинлар буни ҳаммадан кўра яхшироқ тушунишади», — деган Reuters агентлиги билан суҳбатда АҚШ мудофаа вазирлигининг шахсини очиқлашни истамаган юқори мартабали мулозими.
Ўтган ҳафтада Байден маъмурияти Украинага 300 млн доллар миқдоридаги ҳарбий ёрдам юборишини маълум қилиб, бунга Пентагоннинг ҳарбий шартномаларидаги тежамкорлик ҳисобига эришилганини қўшимча қилганди.
Америкалик мулозимлар АҚШ маъмурияти ҳали яна қандайдир маблағ топа олиши мумкинлигини истисно қилмайди, аммо улар таъкидлаганидек, бундай маблағ ҳеч қанақасига Конгресс томонидан блокланган, Украинага 60 млрд долларлик ёрдам кўрсатишни кўзда тутувчи қонун лойиҳаси ўрнини боса олмайди.
Сешанба куни Украина президенти Володимир Зеленский Киевдан туриб коалиция мамлакатларига қўшимча ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари етказиб бериш илтимоси билан мурожаат қилди. Унинг сўзларига кўра, рус қўшини март ойининг ўзида Украинага қарши 130 ракета, 320 дан ортиқ зарбдор дронлар ва қарийб 900 та бошқарилувчи авиабомбалар қўллаган.














