15:19 / 30.07.2018
10686

Ўзбекистондаги компаниялар ишлашга халақит бераётган муаммоларни маълум қилди

Фото: Dreamstime

Марказий банк 2018 йил II чораги якуни бўйича сўровнома ўтказди. Унда жами 437 та корхона ва ташкилотлар иштирок этди. Сўровномани ўтказиш жараёнида республика иқтисодиёти учун муҳим аҳамиятга эга бўлган “Ўзбекнефтегаз” АЖ, “Ўзбекэнерго” АЖ, “Ўзқурилишматериаллари” АЖ, “Ўзкимёсаноат” АЖ, “Ўзшаробсаноат” АЖ, “Ўздонмаҳсулот” АЖ, “Ўзавтосаноат” АЖ ва “Ўзэлтехсаноат” АЖ таркибига кирувчи корхоналар ҳамда «Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинати» АЖ, «Навоий тоғ-кон металлургия комбинати» АЖ, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК каби йирик корхона ва ташкилотлар қамраб олинган. 

Жорий йилнинг II чораги якуни бўйича ўтказилган сўровнома натижалари умуман олганда мазкур чорак мобайнида республика иқтисодиётидаги ҳолатнинг I чоракка нисбатан яхшиланганлигини кўрсатмоқда.

Хусусан, сўровномада қатнашган корхона ва ташкилотларнинг 82 фоизи сўнгги чоракда иқтисодиётдаги ҳолатнинг нисбатан яхшиланганлигини, шу жумладан 56 фоиз респондентлар маҳсулотлар (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқариш ҳажмларининг реал ҳисобда ошганлигини, экспортёр корхона ва ташкилотларнинг 43 фоизи эса экспорт ҳажмининг ошганлигини маълум қилган. Шунингдек, иқтисодий ҳолатнинг яхшиланиши ва ишлаб чиқариш ҳажмларининг ошишига мос равишда, респондент корхона ва ташкилотларнинг 46 фоизида жорий йилнинг II чораги давомида иш ўринлари сони кўпайган.

«Юқоридаги ижобий ўзгаришлар мамлакат иқтисодиётида сўнгги даврларда амалга оширилаётган таркибий ислоҳотлар, хусусан валюта бозори фаолиятининг эркинлаштирилиши, ташқи савдо шарт-шароитларининг яхшиланиши, бизнес ва инвестицион муҳитни яхшилаш бўйича ишларнинг кучайтирилиши билан изоҳланиши мумкин», - дейилади хабарда.

Ўз навбатида, сўровнома натижалари иқтисодиётнинг реал секторида ишлаб чиқариш ҳажмларини янада ошириш имкониятлари мавжудлигини ҳамда республикамиз иқтисодиётининг мавжуд салоҳиятидан самарали фойдаланилишига тўсқинлик қилаётган омилларнинг сақланиб қолаётганлигини кўрсатмоқда. 

Хусусан, сўровномада қатнашган корхона ва ташкилотларнинг қарийб 40 фоизи сўнгги чоракда ишлаб чиқариш ва тадбиркорлик фаолиятини юритиш билан боғлиқ хатарларнинг (қийинчиликлар, тўсиқлар, муаммоларнинг) сақланиб қолаётганини маълум қилган. Респондент корхона ва ташкилотларнинг 60 фоизида ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси 80 фоиздан, қарийб 20 фоизида эса 50 фоиздан паст бўлиб, бу мамлакат ялпи ички маҳсулотининг амалдаги ҳажмининг унинг потенциал ҳажмидан паст эканлиги англатади. 

Шу билан бирга, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан етарли даражада фойдаланмаслик масаласи айрим тармоқларда айниқса долзарб ҳисобланади.

Сўровда қатнашган кимё саноати корхоналарининг 83 фоизида, автомобиль саноати корхоналарининг 80 фоизида, енгил саноат корхоналарининг 74 фоизида, озиқ-овқат саноати корхоналарининг 73 фоизида ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси 80 фоиздан паст даражада шаклланган. 

Ишлаб чиқариш қувватларидан тўлиқ фойдаланмаётган корхона ва ташкилотлар бундай ҳолатнинг асосий сабаблари сифатида хом-ашё таъминоти билан боғлиқ муаммоларни, электр энергияси ва табиий газ таъминотидаги муаммоларни, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотга (ишлар, хизматларга) талабнинг пастлигини ҳамда айланма маблағлар танқислигини кўрсатган.

Респондент корхона ва ташкилотларнинг 32 фоизи табиий газ таъминотида, 39 фоизи электр энергияси таъминотида ҳамда 45 фоизи инфратузилма объектларидан (автомобиль ва темир йўллар, сув ва канализация тармоқлари ва бошқалардан) фойдаланиш борасида муаммоларнинг мавжудлигини маълум қилган. 

«Ушбу ҳолат иқтисодиётда ишлаб чиқариш қувватларидан тўлиқ ва самарали фойдаланилишига ҳамда ишлаб чиқаришнинг янада кенгайтирилишига тўсқинлик қилаётган хатарлардан деб баҳолаш мумкин», - дейилади хабарда.

Тармоқлар кесимида қурилиш материаллари саноатида корхона ва ташкилотларнинг 44 фоизи табиий газ таъминотида ва 47 фоизи электр энергияси таъминотида, енгил саноат корхоналарининг 35 фоизи табиий газ таъминотида ва 31 фоизи электр энергияси таъминотида ҳамда озиқ-овқат саноати корхоналарининг 33 фоизи электр энергияси таъминотида муаммоларга дуч келмоқда.

«Бу эса электр энергияси ва табиий газ таъминотидаги муаммоларни ижобий ҳал қилиш ҳисобига етарли даражадаги маҳаллий хом-ашё базасига эга бўлган мазкур тармоқларда маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш ҳажмларини сезиларли даражада ошириш ҳамда ички бозордаги нархлар даражасини пасайтириш имкониятлари мавжудлигини билдиради», - дейилади сўровда.

Шунингдек, корхона ва ташкилотларнинг келгусида ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш ва инвестицион фаолиятини ривожлантиришга тўсқинлик қилувчи омиллар ўрганилганда, респондентларнинг: 

18 фоизи солиқ юкининг юқорилиги ва солиқ маъмуриятчилигининг мураккаблигини; 
11 фоизи молиявий маблағларнинг етарли эмаслигини; 
13 фоизи бозордаги носоғлом рақобат муҳити ва шароитларни; 
ҳамда 9 фоизи ички бозорда корхона маҳсулотлари ўрнини босувчи импорт товарларининг кўплигини асосий омиллар сифатида кўрсатиб ўтган.

Top