Иқтисодиёт | 20:58 / 20.05.2024
6851
3 дақиқада ўқилади

Марказий банк раиси ўринбосари энергетика тарифларининг инфляцияга таъсирини изоҳлади

Беҳзод Ҳамроевнинг айтишича, Марказий банк қаттиқ пул-кредит сиёсатини сақлаб туриш орқали тарифлар янгиланишига тайёргарлик кўриб келган, шу сабабли нархларнинг эркинлашиши бир марталик таъсирга эга бўлади ва инфляция кўрсаткичи “йил охирида қайта жойига тушади”.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Сенатнинг 18 май кунги ялпи мажлисида ҳисобот берган Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамроев сенаторларнинг май ойида аҳоли учун электр токи ва табиий газ тарифлари ўзгариши инфляцияга қандай таъсир қилиши ҳақидаги саволига жавоб берди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Унинг айтишича, регулятор бунга олдиндан тайёргарлик кўриб келган.

“Асосий ставкани ўтган йили март ойида 17 фоиздан 14 фоизга туширдик. 14 ойдан бери асосий ставкани ушлаб турибмиз. Биз бунга ҳукумат, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан тайёргарлик кўриб келганмиз. Билардикки, бу йил апрел-май ойларида нархлар эркинлаштирилади. Олдинги анжуманларда нима учун МБ баланд фоиз ставкасини ушлаб туради деган саволлар бўларди. Чунки Марказий банк [энергетика тарифлари ошишига] тайёрланиб келаётганди. Ҳозирги қатъий шароитлар инфляциянинг кўтарилиб кетишига йўл қўймайди. Молиявий шартлар Ўзбекистон шароитида жуда қаттиқ. Бу биринчи омил”, – деди Беҳзод Ҳамроев.

МБ раиси ўринбосарига кўра, яна бир омил – юридик ва жисмоний шахслар учун тарифлар ўзгариши ҳар хил хусусиятга эгалиги билан боғлиқ.

“Ўтган йил октябрда юридик шахслар учун нархлар оширилганди, 1 майдан аҳолига оширилди. Бу иккови хусусият, инфляцияга таъсири нуқтайи назаридан фарқ қилади. Тадбиркорлик, ишлаб чиқаришга оширилганда у маълум бир иккинчи оқибатларни, занжир эффектини келтириб чиқариши мумкин. Чунки тадбиркорлар [бу харажатларни маҳсулот] нарх ичига қўшиб юбориши мумкин. Лекин аҳолига оширилганда иккинчи занжир бўлмайди. Бу ерда тўғри коммуникация жуда муҳим рол ўйнайди”, – деди у.

Беҳзод Ҳамроевнинг қўшимча қилишича, йил охирида умумий инфляция 9 фоизни ташкил этиши кутиляпти. “Май ойидаги нархларни эркинлаштириш бу бир марталик ва қисқа муддатли [шок]. Аммо йил охиригача жойига қайта тушади”, – деди у.

“Чунки буёқда базавий инфляцияни оширишга шароит йўқ, пастга кетаверади. Битта нарсани инобатга олишимиз керак, бу коммуникация муаммоси деб ўйлайман. Озиқ-овқат бозорини тўлдириш бўйича ҳукумат комиссияси бор, вилоятларда раҳбарлари бор. Доимий равишда бозорлар ўрганиб борилади, қанақадир озиқ-овқат нархларининг ошишига сигналлар бўлса, тезкор чоралар кўрилади. Инфляциянинг ҳозирги пасайиши асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг барқарор қолгани билан боғлиқ. 2021 йилда инфляцияни келтириб чиқарган омил озиқ-овқат эди, 2022-2023 йилларда ошиб келиб, ҳозир ўсишдан тўхтаган.

Ҳозирги тариф ислоҳоти бозорларни маҳсулотга тўлдиришга ва нархларни ўрта муддатда пасайтиришга ёрдам берадиган ислоҳот”, – деди МБ раиси ўринбосари.

Мадина Очилова
Муаллиф Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид