Ўзбекистон Марказий банки 2024 йилнинг I чораги бўйича кўчмас мулк бозори шарҳини эълон қилди.
Бозордаги фаоллик
Таҳлилчиларга кўра, ҳисобот даврида республиканинг аксарият ҳудудларида тузилган кўчмас мулк олди-сотди шартномалари сони ошган. Тошкентда эса, аксинча, ўтган йилга нисбатан битимлар сони 12 фоизга камайган. Ўтган чоракдан бошланган бу пасайишга қарамай, динамика ўрта муддатли даражада шаклланмоқда.
Умуман олганда, бозор фаоллиги ўтган йилнинг ўрталарига нисбатан бироз барқарорлашган бўлса-да, ҳали ҳам юқорилигича қолмоқда, дейилади шарҳда.
Иккиламчи бозор
Қайд этилишича, фаолликнинг барқарорлашуви натижасида иккиламчи бозорда нархлар ўсиши секинлашган.
2022 йил мартидан 2023 йил мартигача иккиламчи бозорда нархлар сўм индекси бўйича қарийб 26 фоизга, доллар қийматида эса қарийб 21 фоизга ошган бўлса, 2023 йилнинг мартидан 2024 йил мартигача нархлар ўсиши сўмда 29,6 фоиз, долларда 17,7 фоиз бўлган.
Пойтахтда январь-февраль ойларида ўсиш суръатлари ўтган йилги даражада сақланиб қолган бўлса, март ойида таклиф нархи бироз пасайган.

Бирламчи бозор
Бирламчи бозорда ўсиш суръатлари юқорилигича сақланиб қолмоқда. Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ва Фарғона водийсида ўсиш суръатлари тезлашган.
Март ойида йиллик ҳисобда бирламчи уйлар нархлари сўм индексида 39 фоизга, доллар кўрсаткичида эса 26,2 фоизга ошган.

Таъкидланишича, янги уй-жойларга бўлган талабни рағбатлантириш нархларга босимни келтириб чиқараётган бўлиши мумкин.


















