20:23 / 01.08.2018
21754

Қодиров журналистларнинг қотилларини «қўлларидан қон изи кетмасдан туриб» жазолашга чақирди

Фото: Владимир ВЕЛЕНГУРИН

Чеченистон президенти Рамзан Қодиров Марказий Африка Республикасида ҳалок бўлган журналистларнинг қотилларини ҳарбий вақт қонунлари бўйича жазолашга чақирди. У бу ҳақда ўзининг Telegram-каналида ёзди.

«Улар жазоланишлари шарт. Ва ҳарбий вақт қонунлари бўйича жазоланишса янада яхши бўлади! Аёвсиз! Иложи бўлса уларнинг қўлларидан Жамол, Радченко ва Расторгуевнинг қонлари изи кетмасдан туриб», — деб ёзди у.

Қодиров шунингдек ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди ҳамда Россия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва ТИВ қотиллар жазоланиши учун барча ишни амалга оширишига умид билдирди.

Бундан ташқари, Чеченистон раҳбари айрим ОАВ қотилларнинг қайси динга эътиқод қилишларига эътибор қаратаётганлигини танқид қилди.

«Уларни мусулмонлар ёки христианлар эмас, балки қандай ташкилотга аъзо бўлишидан қатъи назар жиноятчилар, бандитлар отишди», — деб фикр билдирди Қодиров.

Эслатиб ўтамиз, 31 июль куни Марказий Африка Республикасида, Сибут шаҳридан 23 км узоқликда россиялик журналист Ўрхон Жамол, режиссёр Александр Расторгуев ва оператор Кирилл Радченко ўлдириб кетилгани хабар қилинганди.

Улар «Центр управления расследованиями» лойиҳаси билан ҳамкорликда «Вагнер» гуруҳи фаолиятига оид ҳужжатли фильм ишлаш учун Африкага йўл олишганди.

Top