17:15 / 02.08.2018
17923

Эктор Купер бой берган 8 олтин

Аргентиналик мураббий Эктор Купернинг Ўзбекистон терма жамоасига тайинланиши аниқ бўлди ҳисоб, 6 август куни мураббий мухлисларга расман таништирилиши кутилмоқда. Биз эса, фурсатдан фойдаланиб, футболда омадсизлик бобида «Бенфика»дан ҳам «ёмонроқ» бўлган бу мураббийнинг бой берилган финаллари ҳақида ҳикоя қиламиз.

1994 йил. «Уракан«», Аргентина чемпионати

«Уракан» – Буэнос-Айресдаги кичкинагина клуб, «Бока Хуниорс» ва «Ривер Плейт» ёнида умуман сезилмайди ҳам. Аммо 70-йилларда бу клуб номи тарихга муҳрланган, Сесар Луис Менотти айнан шу ерда ўзи кўрсатиб, кейинчалик, Аргентинани ЖЧ-78 ғолибига айлантирганди.

Эктор Купер футболчи сифатида «Уракан»да фаолиятини тугатди, бир йил ўтиб, мавсум ўртасида мураббий сифатида қабул қилиб олди ва ҳақиқий сенсация кўрсатишига яқин борди. 14-ўринда юрган жамоа Купер билан юқорига қадам ташлай бошлади ва сўнгги тур олдидан деярли пешқадамга айланиб олди. Деярли.

Чунки сўнгги турда «Уракан» бир очко кам жамғариб, 2-ўринда бораётган «Индепендьенте» майдонига сафар қилиши керак эди. Ўйин 4:0 ҳисобида мезбонлар фойдасига ҳал бўлди ва шу тариқа 38 ёшли Купер ўзининг илк олтинини бой берди.

1998 йил. «Мальорка», Испания кубоги

Виктор Муньоснинг ўрнига келиб, вақтинча мураббий вазифасини бажарган Томеу Льомпат «Мальорка»ни Примерага олиб чиққан бўлса-да, бош мураббийлик лавозими унга тегмади. Кейинги мавсум бошида «Ланус»дан Эктор Купер чақирилди.

Аргентиналик мутахассис бошчилигида «Мальорка» жуда кучли мавсум ўтказди. Жамоа ўша йилги ЕЧЛ ғолиби «Реал»дан атиги 3 очко кам жамғариб, бешинчи ўринни олди. Испания кубогида эса, финалгача бориб, фақат пенальтилар сериясида Луи ван Гаалнинг «Барселона»сига имкониятни бой берди.

Ўйиннинг 6-дақиқасида ўнг қанотдан ёриб кирган Габриел Амато Станковични қулай вазиятга чиқарди ва «Мальорка» ҳисобда олдинга чиқиб олди. Иккинчи бўлимда Ривалдо ҳисобни тенглаштирди. Ўйин давомида Купер жамоасидан икки футболчи майдондан четлатилганини ва шу ҳолатда ҳам «Мальорка» қўшимча вақтларда мардонавор курашиб, ўйинни пенальтилар сериясигача олиб борганини эътироф этиш лозим. Бу аслида катта муваффақият эди.

1999 йил. «Мальорка», Кубок Эгалари кубоги

Ўша мавсум «Барселона» чемпионатда ҳам ғолиб чиққани учун, финалчи сифатида ушбу еврокубокда қатнашиш ҳуқуқи «Мальорка»га берилди.

Ярим финалда Эктор Купер шогирдлари «Челси»ни чиқариб юборишди ва финалда «Лацио»га рўбару бўлишди.

Бирминҳемда бўлиб ўтган финалнинг дастлабки дақиқаларидаёқ, Кристиан Вьери ҳисобни очди. Дани испанлар томонидан жавоб берди. Аммо асосий вақт тугашига саноқли дақиқалар қолганида Павел Недведнинг жарима  майдони ташқарисидан йўллаган зарбаси Куперни учинчи марта совринсиз қолдирди. Аммо бу ҳали унча катта рақам эмас, тўғрими?

2000 йил. «Валенсия», Чемпионлар Лигаси

Купернинг «Мальорка»си антиқа эди – жамоа иккинчи мавсумида нафақат еврокубокларда финалгача борди, шунингдек, Испания чемпионатида ҳам юксалиш қайд этиб, учинчи ўринни қўлга киритди. Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритди. Балки Купер яна бир мавсум қолганда, «Мальорка» ўша ЕЧЛ саралашида «Молде»дан мағлуб бўлмасмиди...

Аммо Купер «Валенсия»га кетиб бўлганди. «Кўршапалаклар» гуруҳ босқичини бирорта ҳам мағлубиятсиз якунлади ва ҳатто «Бавария» ортда қолдирилди. Иккинчи гуруҳ босқичида «МЮ»дангина ортда қолиб, «Фиорентина» ва «Бордо» гуруҳда ташлаб кетилди. Чорак ва ярим финалларда «Лацио» ва «Барселона» мағлуб этилди.

«Валенсия»нинг финалга чиқишининг ўзиёқ катта воқеа эди, аммо «Реал»нинг ўша мавсумдаги йўли олдида бироз сояда қолганди. Сабаби, мавсум давомида Тошакнинг ўрнига Дел Боскени тайинлаган «Реал» йилни ўта беқарор ўтказган, Испания чемпионатида зўрға бешинчи ўринни эгаллаб, ЕЧЛдаги гуруҳларда катта қийинчиликларга учраганди. Фақат бир йил олдинги финалчилар «Бавария» ва «МЮ» плей-оффда тиз чўктирилгач, ҳамма «Реал» ҳақида гапира бошлаганди.

Испанияда мадридликлардан юқори ўринни эгаллаган «Валенсия» балки финалдан катта умид қилгандир, аммо ҳисоб тескари кўриниш олди – 0:3. Балки ўша ўйинлардан кейин Купер аста-секин ўз омадсизлиги борасида шубҳалана бошлагандир.

2001 йил. «Валенсия», Чемпионлар Лигаси

Фото: Getty Images

«Валенсия»ни қаторасига иккинчи марта финалга олиб чиқишни Эктор Купер уддалади. Икки гуруҳ босқичини фақат бир мағлубият билан якунлаган «Валенсия»га чорак финалда Жон Карьюнинг голи ёрдам берди ва «Арсенал» уйига равона бўлди. Ярим финалда эса, бошқа бир инглиз жамоаси – «Лидс» мағлубиятга учратилди.

«Бавария»га қарши Миланда ўтган финалда «Валенсия» ҳисобни очди. Дик Йол белгилаган пенальтини Мендьета аниқ амалга оширди. Пенальти бироз шубҳали бўлгани балки ҳакамни ўйлантириб қўйгандир, иккинчи бўлимда худди шунга ўхшаш янада шубҳали бўлган пенальтини энди испанлар дарвозасига белгилади. Эффенберг ҳисобни тенглаштирди.

Аммо пенальтилар сериясида Оливер Кан Канисаресдан устун келди ва Купернинг «Валенсия»си Европа футболи тарихига омадсизлар тамғаси остида кириб қолди. Бой берилган бешинчи финал ва иккинчи марта пенальтилар сериясидан. Аниқ нимадир бор.

2002 йил. «Интер», Италия чемпионати

Фото: Getty Images

Бир қатор ўта муваффақиятсиз мавсумлар ҳам Массимо Мораттини чемпионлик орзусидан қайтармади ва 2001 йилнинг ёзида «Интер» яна катта харидларга киришди. Франческо Толдо «Фиорентина»дан, Дзанетти ва Консенсайу мос равишда «Рома» ва «Парма»дан, Матерацци «Перуджа»дан ва энг муҳими «Валенсия»дан Эктор Купер таклиф қилинди. 

«Интер» дастлабки турлардан етакчиликни ўз қўлига олди, айниқса, мавсумнинг иккинчи ярмида жароҳатини тиклаган Роналдо ҳам катта ёрдам берди. Аммо сўнгги тургача «Ювентус» ва «Рома» яқин масофада таъқиб қилиб келишарди.

Сўнгги турда «Интер»га энг қийин рақиб тушганди – «Лацио». Бунинг устига, ўйин Римда эди. «Интер» ўйин давомида икки марта ҳисобда олдинда борган бўлса-да, якунда мезбонлар 4:2 ҳисобида ғалаба қозонишди ва Скудетто Липпи бошчилигидаги «Ювентус»га кетди.

Купер қаторасига бешинчи йил сўнгги учрашувда совриндан қуруқ қолди.

2010 йил. «Арис», Греция кубоги

Бу омадсиз серия Куперни шу қадар «синдирдики», у узоқ вақтгача ўзига кела олмади. «Интер»даги пасайишлар натижасида 2003/04 йилги мавсум давомида Моратти уни истеъфога чиқарди. Кейинчалик «Мальорка»да ҳам, «Бетис» ё «Парма»да ҳам Куперни фақат муваффақиятсизликлар чулғаб олганди.

Футбол элитасидан бироз четга сурилган мураббий Грециянинг камтар клубини бошқаришга рози бўлди.

Бу сафар Куперга яна омад кулди ва яна у ўртамиёна жамоаси билан финалга чиқди. Ва омад кулиб боқмади. Купернинг юртдоши Себастьян Летонинг узоқ масофадан берган зарбаси кубокни «Панатинаикос»га олиб берди.

2017 йил. Миср терма жамоаси, Африка Миллатлар кубоги

2015 йилнинг мартида Купер Миср терма жамоаси билан шартнома имзолади ва икки йил ўтиб «фиръавнлар» аргентиналик мураббий бошчилигида Африка Миллатлар кубогида финалгача етиб боришди. Ўша ўйинда ҳам Купер шогирдлари ҳисобда олдинда боришларига қарамасдан, якунда Камерунга ютқазиб қўйишди.

«Интер» билан 2002 йилдаги воқеани айтмаса, Купер жамоалари деярли барча финалларда фаворит бўлишмаган. Аммо шундай бўлса-да, жамоалар доим ғалабага яқин келишган, ҳисобда олдинда боришган. Ва озгина омаднинг етишмаслиги доим панд бераверган.

Албатта, янги бош мураббий қўл остида Ўзбекистон ҳам совринлар ютишни истайди, аммо агар мана шундай «омадсизлик» содир бўлса ҳам, катта фожиа бўлмаса керак. Ахир финални бой берганимиз билан, тарихда биринчи марта ярим финални ютган бўламиз-ку, тўғрими?

Sportarena.com материали асосида Қ.Асланов тайёрлади.

Top