Спорт | 15:36 / 18.11.2021
13135
4 дақиқада ўқилади

Конго ДР миллий жамоаси Эктор Купернинг қўпол хатоси сабабли ЖЧ-2022 орзусидан мосуво бўлиш арафасида. Аслида нима бўлганди?  

Фото: Tribuna.uz

Африкада ўтган ЖЧ-2022 саралаш босқич сўнгги тур ўйини ҳам можаросиз ўтмади. Ўзбекистон миллий жамоаси собиқ бош мураббийи Эктор Купер бошқарувидаги Конго Демократик Республикаси миллий жамоаси ўз гуруҳидаги сўнгги тур учрашувида Бенин устидан 2:0 ҳисобида зафар қучиб, гуруҳ ғолиби сифатида ҳал қилувчи ўтиш ўйинларига йўлланма олган эди. Аммо аргентиналик тажрибали мураббийнинг биргина хатоси Конго ДРни ЖЧ-2022 орзусидан мосуво қилиши мумкин. 

Эктор Купернинг қўпол хатоси

Сўнгги 6-тур ўйини доирасидаги Конго ДР – Бенин учрашувидан аввал меҳмонлар 10 очко билан 1-ўринда, конголиклар эса 8 очко билан иккинчи ўринда эди. Мезбонларнинг ғалабаси Конгога 1-ўринни олиб бериши, дуранг эса меҳмонлар фойдасига ишларди. Учрашувнинг 10-дақиқасида Мбокани тортишувларга сабаб бўлган пенальтидан гол киритиб ҳисобни очган бўлса, 75-дақиқада Маланго яна битта гол киритиб, Эктор Купер жамоасига ишончли ғалаба келтирган эди – 2:0. Натижада, Конго ДР миллий жамоаси гуруҳда очколари сонини 11тага етказиб, 1-ўрин билан ЖЧ-2022 ўтиш ўйинларига йўлланма олди.  

Фото: Конго ДР

Бироқ учрашувнинг 90-дақиқасида Купер зарурати бўлмаган вазиятда кўпроқ вақт чўзиш учун навбатдаги ўзгаришга қўл урди. ФИФА регламентига кўра ўйинда 3 уринишда 5та ўзгариш қилишга рухсат бўлса-да, у 4-уринишни амалга ошириб 4-ўйинчини майдонга туширди. Қатар-2022 орзуси армонга айланишини истамаган Бенин ўйиндан кейин рақиб томонидан регламентнинг қўпол равишда бузилганини «ушлаб» олди.  

Фото: FIFA

 Натижада, бу можаро Африка доирасидан ҳам чиқди. ФИФА чоршанба куни Конго ДР билан ўйиндаги регламентнинг қўпол бузилиши бўйича Бенин футбол ассоциациясидан шикоят хати олингани ва бу кўриб чиқилиши ҳақида маълум қилди. 

Бенин спорт вазири Освальд Хомеки ҳам BBCга берган интервьюсида, Конго ДР миллий жамоасига техник мағлубият ёзилишига умид қилаётганини яширмади.

«Конго ДР миллий жамоасининг ФИФА қоидаларини очиқ-ойдин бузгани устидан шикоят хати йўлладик. Футболчиларни алмаштириш бўйича қоидалар барчага яхши маълум, жазо чоралари ҳам жиддий. Бенин футбол ассоциацияси ФИФАдан ўйин қоидалари қўпол тарзда бузилиши бўйича одилона қарор чиқаришни ва рақибга белгиланган жазо чораларини қўллашни сўраб мурожаат қилди», - дейди Бенин спорт вазири. 

Конго ДР миллий жамоасини қандай жазо кутмоқда?

Эктор Купер бошқарувидаги жамоа Африкада саралашнинг ўтиш ўйинларида иштирок этадиган 10 жамоадан бири бўлганди. Қуръага кўра, ўтиш учрашуви март ойида уй-сафар тизимида ўтказилиб, 5та ғолиб жамоа Қатарга йўлланма олади.  

ФИФА 3 уринишда 5та ўзгариш амалга оширишни жорий қилган вақтдан буён Европанинг кучли бешлик миллий чемпионатларида икки жамоа бу борада жазоланган. Жумладан, мавсум бошида Германия кубоги доирасида «Вольфсбург» ғалаба қозонганига қарамай, турнирдан четлатилганди. Сабаби бош мураббий Ван Боммел кубок ўйини қўшимча бўлимларида адашиб, жамоасининг 4-ўзгаришини амалга оширган эди. 

Фото: Конго ДР

Январь ойида эса Италия кубоги доирасида «Рома» шундай қўпол хатони такрорлаган. Римликлар қўшимча бўлимларда 6-ўзгаришни амалга ошириб, якунда техник мағлубият ёзилганди. 

ФИФА футболчиларни алмаштириш қоидаси бузилишини регламентга биноан талқин қилса, катта эҳтимол билан Конго Демократик Республикаси миллий жамоасига техник мағлубият ёзилади. Унинг ўрнини эса Бенин эгаллайди. Ҳозирда Конго ДРдан ташқари, Жазоир, Тунис, Нигерия, Гана, Мали, Миср, Сенегал, Марокаш ва Камерун миллий жамоалари йўлланма олган.

Мавзуга оид