Ер юзидаги энг тез улғаювчи жонивор қайси эканини биласизми?
Африка килли-балиқчалари Ер юзидаги энг қисқа болалик даврини кечирувчи мавжудотлар экани аниқланди. Улар туғилганидан сўнг атиги икки ҳафтада тўлиқ улғайишади, дейилади Current Biology журналида.
"Биз анчадан бери бу балиқчаларнинг баъзи популяциялари муайян шароитларда тез ўсиши мумкинлигини тахмин қилган эдик. Бироқ бу қадар тез улғайиш килли учун нормал жараён экани хаёлимизга ҳам келмаганди", - дея сўзлайди Брнодаги Чехия Фанлар Академиясининг Умуртқалилар биология институти олими Мартин Райчард.
Сут эмизувчилар, қушлар ва бошқа жониворларнинг кўп турларининг ўсиш ва улғайиш тезлиги бир-биридан анча фарқланади. Масалан, филлар, косаткалар ва инсон болалари жуда секин улғаяди, қуён, товуқ ва ўрдак кабилар эса анча тез катта бўлади. Бу тафовутлар бир неча биологик ва экологик омилларга асосланган.
Райчард ва унинг ҳамкасблари Африка килли-балиқчалари ҳаётий циклини кузатиб, янгича ёндашувнинг энг экстремал намунасини кашф қилишди. Бу кичик умуртқалилар ҳаётининг катта қисмини ўз аждодлари яшаган кўлларнинг тубида икра кўринишида ўтказади.
Ёмғирлар мавсуми бошланганида ва кўллар яна бир марта саванналарда пайдо бўлганида қуриган икралар "жонланади" ва килли-балиқчалари тез ўса бошлайди.
Бу балиқчалар худди шундай тез ҳалок бўлади ҳам, камдан-кам ҳолатлардагина улар 6-7 ойгача яшайди. Аквариумда ўстирилган киллилар энг юқори ҳаёт давомийлигини қайд этди - 9 ой. Бу балиқчаларнинг тез ўсиш ва ўлиш хусусияти қаришнинг молекуляр механизмини ўрганувчи генетик ва бошқа мутахассисларни анчадан бери қизиқтириб келади.
Райчарднинг таъкидлашича, килли-балиқчаларининг бу қадар қисқа ҳаётий цикли кўп олимларни улар ёввойи табиатда ҳам ўзларини шундай тутишлари борасида шубҳаланишга мажбур қилди. Унинг жамоаси бу балиқчаларнинг табиий колониялари яшовчи Мозамбикка экспедиция уюштириб, ҳақиқатда шундай ё шундай эмаслигини текширди.
Маълум бўлишича, лабораториялардаги тажрибалар килли-балиқчаларининг улғайиш тезлигини анча пасайтирар экан. Райчард ва унинг ҳамкасблари кузатган кўлларда улар икки ҳафтада жисмонан етилган. Бу вақт ичида уларнинг массаси бир неча юз бараварга ошган, узунлиги эса - тахминан ўн баравар.
Лабороториядаги тажрибалар ва Африкадаги кузатувлар ўртасидаги фарқ нимага боғлиқ бўлган? Тадқиқотчиларнинг сўзларига кўра, бунга саванналардаги сув ҳавзаларининг тахминан 3-5 ойда тўлиқ қуриши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Шу сабабли балиқчалар лабороториядаги аквариумда барқарор ўсган киллилардан фарқли ўлароқ, қисқа вақт ичида улғайиш ва ўз наслини давом эттиришга улгуриши керак бўлади.
Ҳозирда биологлар балиқчаларни лаборотория муҳитида ҳам шундай тез улғайиш ва қаришга мажбурлашга ҳаракат қилишмоқда. Агар улар бунинг уддасидан чиқишса, у ҳолда килли олимларнинг инсон кексайиши сирларини кашф қилиш ва ҳаёт давомийлигини ошириш воситасини ишлаб чиқишдаги энг асосий ёрдамчилардан бири бўлиши мумкин.