18:33 / 08.08.2018
8235

Ногиронлиги бўлган шахслар транспорт воситаларининг тўхтаб туриш жойларига қандай талаблар қўйилди?

Фото: zrkuban.ru

Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, Автомобиль транспорти агентлиги, Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлигининг қарори билан Ногиронлиги бўлган шахслар автотранспорт воситаларининг тўхтаб туриш жойларига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, ногиронлиги бўлган шахсларнинг автотранспорт воситаларини тўхтаб туриши учун бозорлар, савдо мажмуалари ва бошқа объектлар ҳудудларидаги автотранспорт воситалари тўхтаб туриш жойларининг кириш ва чиқиш қулай бўлган қисмида ногиронлиги бўлган шахсларнинг автотранспорт воситалари тўхтаб туриш жойлари ташкил этилади.

Ногиронлиги бўлган шахслар автотранспорт воситаларининг тўхтаб туриш жойлари тўхтаб туриш жойи умумий майдонининг камида 5 фоизини (камида 2 та жой) ташкил этиши лозим.

Ногиронлиги бўлган шахслар автотранспорт воситаларининг тўхтаб туриш жойларига Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги 370-сон қарори билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларининг 1-иловасига мувофиқ «5.15. Тўхтаб туриш жойи» ва «7.17. Ногиронлар» йўл белгилари ўрнатилади. 

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг автотранспорт воситалари учун ажратилган тўхтаб туриш жойларидан «Ногирон ҳайдовчи бошқараётган автомобиль» таниқлик белгиси ўрнатилган автотранспорт воситасини бошқараётган I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар — ногиронликни тасдиқловчи тиббий маълумотномаси ҳамда 16 ёшгача ногирон боласи бўлган ота-оналар (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар) — 16 ёшгача ногирон бола учун тайинланган тегишли пенсия гувоҳномаси бўлганда фойдаланиши мумкин.

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг автотранспорт воситалари учун ажратилган тўхтаб туриш жойларидан фойдаланганлик учун ҳақ олинмайди.

Бозорлар, савдо мажмуалари ва бошқа объектлар ҳудудларидаги ногиронлиги бўлган шахсларнинг автотранспорт воситалари тўхтаб туриш жойлари намунавий чизма асосида жиҳозланади.

Кўп қаватли автотранспорт воситалари тўхташ жойларида ногиронлиги бўлган шахслар автотранспорт воситаларининг тўхтаб туриши учун жойлар биринчи қаватда 
ва бошқа қаватларда лифтга яқин жойлардан ажратилиши керак.

Бозорлар, савдо мажмуалари ва бошқа объектлар ҳудудларидаги ногиронлиги бўлган шахсларнинг автотранспорт воситалари тўхтаб туриш жойларига кўк фонда 
2х2 метр ўлчамли сариқ чизиқли ногиронлиги бўлган шахс автотранспорт воситасининг тўхтаб туриш жойини билдирувчи Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги 
370-сон қарори билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларининг 2-иловасига мувофиқ 
1.24 «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг автотранспорт воситалари тўхтаб туриш жойи» ётиқ чизиғи чизилади.

Бозорлар, савдо мажмуалари ва бошқа объектлар ҳудудларидаги ногиронлиги бўлган шахсларнинг автотранспорт воситалари тўхтаб туриш жойларининг ўлчамлари автомобиль ҳаракат йўналишига бурчак остида қўйилганда эни 3,5 метр, узунлиги 5 метр, ҳаракат йўналишига параллел қўйилганда эни 2,5 метр, узунлиги 7,5 метр бўлиши лозим.

Top