23:14 / 11.08.2018
12072

Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси январь-июль ойларида 17,8 млрд долларни ташкил этди

2018 йил январь-июль ойлари якунларига кўра, республикада ташқи савдо айланмаси 17,8 млрд долларни ташкил этди ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 24,2 %га ўсди.

Экспорт ҳажми 7,6 млрд долларга (ўсиш суръати 15,7 %) ва импорт ҳажми деярли 10,2 млрд долларга (ўсиш суръати 31,4 %) етди.

Саноат тузилмасининг диверсификация қилиниши, экспортни қўллаб-қувватлаш, импорт ўрнини босувчи товар ва маҳсулотларни ишлаб чиқаришнинг янада оширилиши натижасида экспорт таркибида сезиларли ўзгаришга эришилди.

2018 йил январь-июль ойларида республика ташқи савдо айланмасида энг катта улушга эга давлатлар кетма-кетлиги жорий йилнинг январь-июнь ойларига нисбатан деярли ўзгаришсиз қолди. 2017 йил январь-июль ойларида ташқи савдо айланмасида МДҲ давлатларининг улуши 34,5 %ни ташкил қилган эди. 

Республикада ташқи савдони қўллаб-қувватлаш ҳамда МДҲ давлатлари билан ушбу соҳадаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар натижасида 2018 йил январь-июль ойларида ташқи савдо айланмасида МДҲ давлатларининг улуши 38,5 %га етди.

Бошқа хорижий давлатларнинг республика ташқи савдо айланмасидаги улуши 2017 йилнинг январь-июль ойларида 65,5 %ни ташкил қилган бўлса, жорий йилнинг ушбу даврида ташқи савдо айланмаси 61,5 %га тушди.

2018 йил январь-июль ойларида экспорт ҳажми 7,6 млрд. долларга (ўсиш суръати 15,7 %) тенг бўлди. Экспорт таркибида товарлар улуши 77,8 %ни ташкил этиб, булар асосан энергия манбалари ва нефть маҳсулотлари (19,2 %), озиқ-овқат маҳсулотлари (8,7 %), шунингдек, кимё маҳсулотлари ва ундан тайёрланган буюмлар (6,9 %) гуруҳлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Хизматлар экспорти ҳажми 1693,4 млн долларни ёки жами экспорт ҳажмининг 22,2 %ини ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20,3 %га ўсганлиги кузатилди. 

Хизматлар экспорти таркибининг асосий улуши транспорт хизматлари, туризм хизматлари, телекоммуникация, компьютер ва ахборот хизматлари, молиявий хизматлардан иборат.

Республикадан экспорт қилинаётган товар ва хизматларнинг асосий қисми Хитой ва Россия ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу умумий экспорт ҳажмининг 34,9 %ини ташкил қилади.

Хитой ва Россияга экспорт қилинаётган товарлар таркиби асосан энергия манбалари ва нефт маҳсулотлари, кимё маҳсулотлари ва ундан тайёрланган буюмлар ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари гуруҳларидан иборат.

2018 йилнинг январь-июль ойларида жами 527,4 млн долларлик 690,5 минг тоннадан зиёд мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинди.

2018 йилнинг ўтган даври мобайнида 762,2 млн доллар миқдорида тўқимачилик маҳсулотлари экспорти ҳажми амалга оширилди. Бу кўрсаткич 2017 йилнинг мос даврига нисбатан 16,6 %га ўсиб, умумий экспорт ҳажмининг 10 %ини ташкил қилди. 

Экспорт қилинган тўқимачилик маҳсулотлари таркибидан пахтадан йигирилган ип (58,0 %), тайёр тўқима матолар ва тикувчилик кийимлари (22,6 %) асосий улушни эгаллаган. Йил бошидан 297 турдан ортиқ маҳсулотлар дунёнинг 52 та давлатига экспорт қилинди.

Жорий йилнинг январь-июль ойларида импорт ҳажми 10,2 млрд долларга (ўсиш суръати 31,4 %) тенг бўлди. Импорт таркибида энг катта улуш машина ва асбоб ускуналар (39,4 %), кимё маҳсулотлари ва ундан тайёрланган буюмлар (13,4 %) ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари (9,6 %) гуруҳлари ҳисобига тўғри келди.

Хизматлар импорти ҳажми 1,25 млрд долларни ёки жами импорт ҳажмининг 12,4 %ини ташкил этди ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 24,5 %га ўсди. 

Хизматлар импорти таркибининг асосий улуши туризм хизматлари, транспорт хизматлари, қурилиш хизматлари ва телекоммуникация, компьютер ва ахборот хизматларидан иборат бўлди.

2018 йилнинг январь-июль ойларида республикага 145 дан ортиқ хорижий давлатлардан товар ва хизматлар импорти амалга оширилган.

Россия, Хитой, Қозоғистон, Корея ва Туркия давлатларидан жами импорт ҳажми 6,26 млрд долларга тенг бўлиб, бу умумий импорт ҳажмининг 61,7 %ини ташкил қилади.

Top