03:09 / 16.08.2018
8231

Тошкент вилоятида Аёллар ижтимоий мослашув маслаҳат маркази очилди

15 август куни Қибрайда Аёллар ижтимоий мослашув маслаҳат маркази очилди. Унда Бош вазир ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева ва Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибоева иштирок этди. Тошкент вилояти ҳокимлиги вакиллари бу ҳақида KUN.UZ'га хабар беришди. 

"Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 2 июлдаги "Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш маркази ташкил этиш тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган ушбу марказда оғир турмуш шароитига тушиб қолган, руҳий тушкун ҳолатдаги хотин-қизларга ҳар томонлама  ижтимоий-психологик  ёрдам кўрсатиш ишлари амалга оширилади", - дейди Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибоева. 

Очилиш тадбиридан сўнг Танзила Норбоева Тошкент вилояти шаҳар-туман Хотин-қизлар қўмиталари раислари, "Оила " маркази масъуллари ва отинойилар иштирокида йиғилиш ўтказди.

Ҳар бир хонадон, ҳар бир оилага чуқур кириб, ҳар бир аёлнинг муаммоларини тўлиқ ўрганиш ва ҳал этиш чораларини кўриш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, маънавий-ахлоқий қадриятларни кенг тарғиб этиш -   Хотин-қизлар қўмитаси раиси ҳамда маҳаллалардаги мутахассисларнинг асосий вазифаси, бурч ва масъулияти бўлиши шарт. 

Норбоева ўз нутқида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар, ажримлар, ўз жонига қасд ва суиқасд қилиш каби нохуш ҳолатларнинг ортишига асосий сабаб - оилалардаги нотинч, носоғлом муҳит, ёшларни оилага тайёрлаш, таълим-тарбия тизимидаги оқсоқликлар натижаси эканини қайд этди. 

Бундан ташқари, жойларда Хотин-қизлар қўмитаси ва маҳалла, ИИБ, таълим ва тиббиёт муассасалари, тегишли идоралар ҳамкорлиги, жамоатчилик назорати самарали йўлга қўйилса, бу каби муаммоларнинг олдини олиш мумкинлигини алоҳида таъкидлади.

Top