08:22 / 27.08.2018
31624

Автотранспорт воситаларининг давлат рақам белгиларини эгаллаб олганлик учун қандай жазо белгиланган?

Фото: KUN.UZ

Ҳозирда фуқароларнинг хавфсизлиги, ҳуқуқлари ва эркинликлари, қонуний манфаатлари ҳуқуқ-тартибот идоралари хусусан, ички ишлар органлари ходимлари томонидан муносиб таъминлаб келинмоқда. Улар жойларда маҳалла фаоллари ва таълим муассасалари вакиллари билан ҳамкорликда ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олиш мақсадида турли кўринишлардаги тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бормоқдалар.
 
Аммо айрим ҳолларда фуқаролар томонидан ўйлаб, ўйламай қилинаётган ишлар киши эътиборини тортмай қўймайди. Айниқса, фуқароларнинг автомототранспортлардаги давлат рақам белгиларининг йўқолиши ёки қасддан шикаст етказилиши шулардан биридир, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси.

Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида 1 август куни номаълум шахс Наққошлик кўчасида яшовчи Б.З.нинг уйи олдида қаровсиз қолдирилган “ВАЗ-21011” русумли автомашинанинг олд ва орқа қисмидаги давлат рақам белгиларини ечиб кетган. Кўрилган чоралар натижасида ушбу жиноятни Юнусобод туманида яшовчи муқаддам судланган С.О. ва Шайхонтоҳур туманида яшовчи Э.С.лар содир этганликлари аниқланиб, ушланганлар. Шунга ўхшаш ҳолатлар нафақат кеча балки ўтган вақт ичида фуқаролар томонидан бир неча маротаба содир этилган.

Автомототранспортларга берилган давлат рақам белгилари фуқаро ёки юридик шахсларнинг шахсий мулки эмасдир. Давлат рақам белгилари автомототранспортларга давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида берилган рақам ҳисобланади. Автомототранспорт бошқа шахсга ёки юридик шахсга сотилганида (ҳадя қилинганида, ўтказилганида) давлат рақам белгилари Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг тегишли бўлимларига топширилади. Автотранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яширганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 227-моддасида жиноий жавобгарлик белгиланган.

227-модда: Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш.

Корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг қатъий ҳисобидаги ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, шунингдек автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, худди шунингдек уларни нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш, уларни яшириш ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда содир этилган бўлса.

энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар:

а) паспорт, ҳарбий билет ёки бошқа муҳим шахсий ҳужжатларга нисбатан ёхуд ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларга нисбатан содир этилган бўлса;
б) оғир оқибатларга сабаб бўлса, —
энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Top