Ўзбекистон | 10:29 / 27.10.2023
15143
2 дақиқада ўқилади

Расман: Ўзбекистонда телефон рақамни сақлаган ҳолда алоқа операторини ўзгартириш тизими – MNP ишга тушди

27 октабр куни Тошкентда давом этаётган “ICTWEEK UZBEKISTAN – 2023” ҳафталиги доирасида Ўзбекистонда мобил алоқа тармоқларида абонент рақамини кўчириш хизмати (MNP) ишга туширилди. Kun.uz мухбирининг хабар беришича, тизимнинг қулайлиги шундаки, эндиликда абонентлар мобил алоқа операторларининг хизмат кўрсатиш сифатига қараб исталган компанияни танлаши мумкин.

Фото: Kun.uz

“Хизматнинг ишга туширилиши мамлакатимизда фаолият юритиб келаётган мобил алоқа операторлари ўртасида соғлом, ижобий рақобатни янада кучайтириш билан бирга улар томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатининг ошишига олиб келади.

Бу жараёнда мобил алоқа абонентларига улар бошқа операторга кўчганда ўз абонент рақамини сақлаб қолиш имконияти тақдим этилади. Бу рақам йўқотилишининг олдини олади ҳамда алоқа операторлари томонидан рақам ресурсларидан янада оқилона фойдаланилишига хизмат қилади.

Дастлабки босқичда жисмоний шахслар ўзи ўтишни хоҳлаган мобил алоқа оператори офисига ташриф буюрган ҳолда мурожаат этади ҳамда мобил рақами кўчирилган янги сим картани олиб кетади”, — дейилади тақдимотда.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Beeline, Mobi.uz, Ucell, UZTELECOM, Humans каби 5 та мобил алоқа оператори фаолият кўрсатади. Улар томонидан мижозларга мобил алоқа хизматлари кўрсатиб келинмоқда. Агар хизматдан фойдаланиб, мобил алоқа оператори ўзгартирилса, кўчирилган рақамлар ўз шаклини ва кўринишини сақлаб қолади.

Тизим ишлаши ҳақида Kun.uz сайти аввалроқ батафсил маълумот тақдим қилган эди.

Мавзуга оид