Спорт | 15:00 / 31.08.2018
19228
2 дақиқада ўқилади

Осиё ўйинлари. Шерали Жўраев Ўзбекистонга куннинг илк медалини тақдим этди

Фото: Ҳасан Пирмуҳаммедов

Ўзбекистон дзюдо жамоаси аъзоси, -100 кг вазн тоифасидаги баҳсларда иштирок этган Шерали Жўраев Осиё ўйинлари бронза медали совриндорига айланди.

У медал учун Бирлашган Араб Амирликлари вакили Иван Ремаренкога қарши гиламга чиқди ва иппон баҳоси билан ғалаба қозонди.

Шерали Жўраев илк жангида непаллик рақибидан устун келди, аммо у ҳам чорак финалда мўғулистонлик Лхагвасурен Отгонбатарга енгилди. Шундан сўнг бронза медал учун баҳсларда иштирок этган Жўраев туркманистонлик Батир Хожамухамедовни мағлуб этиб, бронза учун жанг қиладиган бўлди.

Унинг бронзаси дзюдочилар жамоасининг учинчи медалига айланди. Бунгача -60 кг вазн тоифасида Диёрбек Ўразбоев олтин, -70 кг вазн тоифасида Гулноза Матниязова бронза медал олганди.

Бугунги баҳсларда иштирок этган ўзбекистонликларнинг яна икки нафари бронза учун баҳсларда ютқазди. -78 kg вазн тоифасидаги Нодира Йўлдошева бронза медал учун таиландлик Икуми Оедага қарши гиламга чиқиб, мағлуб бўлди. -90 кг вазн тоифасидаги Шаҳзодбек Сабиров эса медал учун баҳсда япониялик Бакер Машуга ютқазди. 

Жамоанинг +100 кг вазн тоифасидаги вакили Бекмурод Олтибоев ҳам бронза учун беллашади. Унинг рақиби эронлик Жавод Маҳжуд бўлади.

Айни вақтда Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги бронза медаллар сони 20тага етган. Ўзбекистон умумий рейтингда 54 медал билан (15 олтин, 19 кумуш ва 20 бронза) еттинчи ўринда қолмоқда.

Мавзуга оид