Спорт | 19:50 / 06.09.2018
8241
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда кураш бўйича соврин жамғармаси 100 минг доллар бўлган президенти соврини учун мусобақа бошланди

Бугун, 6 сентябрь куни Тошкент шаҳрида кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун I Халқаро турнирнинг очилиш маросими ўтказилди. Баҳслар давомида жаҳоннинг 40га яқин мамлакатидан келган полвонлар совринли ўринлар учун кураш олиб боришади.

Асосий беллашувлар олдидан мусобақанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Ўзбекистон кураш федерацияси раҳбари Отабек Муродов, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов ҳам иштирок этишди.

Тадбир давомида Отабек Муродов ва Жаҳонгир Ортиқхўжаев сўзга чиқишди ва старт олган мусобақада иштирок этувчи спортчиларга омад тилашди.

Мусобақа эркаклар ўртасида мутлақ вазн тоифасида ташкил қилинмоқда.

Турнирнинг соврин жамғармаси 100 минг АҚШ долларини ташкил қилади. Биринчи ўрин эгаси 50 минг доллар миқдоридаги мукофот пулини қўлга киритади. Иккинчи ўрин эгаси 25 минг долларга эга бўлса, учинчи ўринни банд этган полвонлар ўз ҳисобларини 10 минг доллар билан бойитиб олишади. Шунингдек, 5-8 ўринни эгаллаган спортчилар ҳам 1250 АҚШ доллари миқдоридаги мукофот пули билан тақдирланади.

 

Мавзуга оид