Business class | 23:03 / 09.09.2018
21221
7 дақиқада ўқилади

Бизнесни текшириш: назорат қилиниши керак бўлган 14 нарса

Бизнес самарали ишлаши учун бу кўрсаткичларни кузатинг.

Статистикага кўра, бизнес уч йил яшайди, бироқ кичик бизнес уч йилдан узоқ яшаши камдан-кам кузатилади. Юзтадан учтасигина узоқроқ умр кўради, қолганлари ёпилиб кетади. Асосий сабаб – норентабеллик. Бари жойида эканини билиш учун қўлингизни пулсда тутинг: бизнесни назорат қилиб, янги кўрсаткичларни кузатиб боринг.

Фото: Pexels

Бу мақолада айнан шу ҳақида сўз юритамиз: қаерга назар солиш лозим, рақамлар нима ва бизнесда бари жойида эканини қандай тушуниш мумкин?

Пул

Бизнес бу – пул. Аниқроғи у олиб келаётган пул миқдори. Шунинг учун рентабеллигини кузатиш муҳим. Мураккаблик шундаки, молиявий кўрсаткичлар кўп: ROI, ROA, ROE, P&L, EBITDA. Барини ҳисоблаш мушкул. Бироқ бир қатор кўрсаткичларни назорат қилиш керак.

1. EBITDA

EBITDA бизнесингиз солиқ, кредит бўйича тўловлар ва инвестицион харажатлар (ускуна, таъмирлаш, ходимларни ўқитиш)ни ҳисобга олмаганда қанча пул келтиришини кўрсатади. Худди бу харажатлар мавжуд бўлмагандек.

Агар EBITDA ижобий бўлса, бизнес ишлайди. Ҳатто қарзингиз бўлса ҳам бизнес барибир пул олиб келади, муаммоларни эса ҳал қилса бўлади. Агар кўрсаткич нолга тенг бўлса, ёки минусга қараб кетса, компания зарарга ишламоқда ва чоралар кўриш керак.

EBITDA динамикасини кузатиш ва кўрсаткични оширишга ҳаракат қилиш керак: харажатларни қисқартириш, фойда ва даромадни ошириш, кўпроқ мижозларни жалб этиш.

2. Алтернатив харажатлар

Улар маблағни қай даражада самарали бошқарганингизни кўрсатади: плюсда қолдингизми ёки минусга кетдингизми?

3.Ўрта чек, конверсия, чекдаги бирликлар сони

Бу маълумотлар ҳар қандай савдо нуқтасидаги савдоларни кўрсатади. Бизнес муваффақиятли ривожланмоқдами? У қандай ишлаётганини ўрганинг. Кўрсаткични ошириб, бизнес даромадини ошириш мумкин.

Чекдаги бирликлар сони – бир мижоз ўртача қанча маҳсулот сотиб олаётганини кўрсатади. Агар кўрсаткич бирга тенг бўлса, қўшимча савдолар билан ишланг: ходимлар учун тренинглар ўтказинг, маҳсулотлар жойлашувини ўзгартиринг.

Конверсияни кузатинг – қанча одам қўшни қаҳвахонага кетмасдан сизга буюртма берди. Ойдан ойгача кўрсаткичларни таққосланг ва натижаларни таҳлил қилинг.

Фото: Pexels

4. Мавсумийлик ва «қора кун»га молиявий ёстиқ

Даромад ойдан ойга қандай ўзгаришини кузатинг ва савдолар кам бўлган вақтда ижара ҳақини тўлаш, маош бериш учун пул йиғиб қўйинг. Хавфсизлик ёстиғини шакллантирсангиз янада яхши. Захира фонди бўлмаса, бизнесни йўқотиш эҳтимоли ортади: ёки уни ёпиш, ёки қарзга ботиб қолиш мумкин.

5. Харажатлар

Улар операцион ва инвестицион бўлади. Инвестицион бу – ускуна, ходимлар учун форма, таъмирлаш. Операцион – ижара, харид, жамоа учун маош. Операцион харажатларни билиш ва режалаштириш лозим. Акс ҳолда минусга кирасиз ва қарзга пул олишни бошлайсиз.

6. Реклама кампанияси ROI’си

Кўплаб тадбиркорлар ҳеч қандай маълумотларга асосланмай, пулни рекламага сарфлашади. Катта маблағ харажат қилинади, бироқ натижа бўлмайди. Буни четлаб ўтиш учун компания ROI’сини кузатиши ва мос келувчи майдончаларга жойлаштириши керак. ROI бу – инвестицияларнинг ўзини ўзи оқлаши. Улар ҳар бир сарфланган бир сўм қанча даромад келтираётганини кўрсатади.

Мижозлар

7. Мижозлар келадиган жой

Одамлар сиз ҳақингизда қаердан маълумот олишганини кузатинг. Бу сизга рекламанинг айнан қайси турига пул сарфлаш кераклигини кўрсатади.

Фото: Pexels

8. Мижозларнинг ижтимоий тармоқлардаги фикри

Агар ижтимоий тармоқларда сиз ҳақингизда салбий фикр билдиришаётган бўлса, бизнеснинг обрўси йўқотишларга учрамоқда. Шунинг учун мижозларнинг шикоятларига тез ва тўғри жавоб беринг.

Ҳамкорлар ва рақобатчилар

9. Етказиб берувчилар

Етказиб берувчиларни назорат қилинг: улар барини ўз вақтида, сифатли бажаришяптими? Доимий равишда янги етказиб берувчилар ва манфаатли шартларни излаш керак.

10. Рақобатчилар

Бизнес бир маромда юриши учун рақобатчиларни кузатиш лозим. Улар қандай фаолият юритаётгани ва мижозларни олиб кетмаётганини тушуниш муҳим. Бу фойдали: рақобатчилар тажрибасидан ўрнак олиш, кўзга яққол ташланадиган хатоларини такрорламаслик керак.

Ходимлар

11. Ходимларнинг лаёқати

Бизнесингиз қўлингизда ишлайдиган одамларга боғлиқ. Бар ишчиси қаҳва тайёрлашни билиши ва мижозлар билан хушмуомала бўлиши, савдолар бўйича менежер – ишонтира олиши, маъмур – мижозлар билан мулоқот қила олиши лозим. Шунинг учун ходимларга ўргатиш ва уларни назорат қилиш муҳим.

Мижоз буюртма бериши учун қўлингиздан келганини қилдингиз, бироқ у ходимингизнинг лаёқатсизлиги ва қўполлиги сабаб рақобатчингизга кетса, жуда ачинарли бўлади.

12. Ходимларнинг бандлиги

Ходимлар тез-тез алмашмаслиги учун уларни ўта ишга кўмиб ташлаш ярамайди. Кўпинча мана бундай бўлади: ходим қанчалик малакали бўлса, шунчалик иши кўп бўлган ҳолатлар кузатилади. Баъзида бу ишларни ўзга ходимлар орасида тақсимлаш ҳам мумкин. Натижада энг қимматли ходимлар жуда кўп ишлайди ва ишдан бўшайди. Қолганларнинг иш билан бандлик даражаси юқори эмас ва профессионал кўникмаларини ҳам яхшиламайди.

Фото: Pexels

13. Ваколатларни тақсимлаш

Бизнесда бари ўз жойида, бизнес-жараёнлар йўлга қўйилган: ходимлар ўз мажбуриятларини билади, бари соат каби, режа бўйича ишлайди. Бундай тизимни йўлга қўйиш – тадбиркорнинг асосий вазифаси.

Агар ҳафтасига 60 соатдан ишлаб, нима учун ҳеч нимага улгурмаётганингизни тушунмасангиз, мажбуриятларни ходимларга беринг ва тизимни тўғриланг. Қўлда бошқарув режимида ишлаш – яхши фикр эмас. Таътилга боролмайсиз, тунда телефонни ўчиролмайсиз, натижада невроз касаллигига дучор бўласиз.

Қонунчилик

14. Қонундаги ўзгаришлар

Бизнесингиз Ўзбекистонда бўлса, бу ердаги қонунларга риоя этиш керак. Улар кўп, доим ўзгаради ва қўшимчалар қўшилади. Бироқ қонунларни билмаслик жавобгарликдан озод қилмайди. Шунинг учун ўзгаришларни кузатинг ва қонунга риоя қилинг.

Бизнес бу – мураккаб, бироқ реал амалга оширса бўладиган иш. Агар у тўғри ташкил қилинса, азият ва зарарларсиз бошқариш мумкин. Муҳими – барини ўз оқимига ташлаб қўймаслик ва асосий кўрсаткичларни назорат қилиш.

Мавзуга оид