Decos, MFaktor, Impulse Business Hub асосчиси бундан 25 йил аввал 10 минг доллар қарз эвазига бошланган бизнеси, қимматга тушган хатолари ва муваффақиятли бизнесининг сирлари ҳақида гапириб берди.

Бизнесда стратегик хатолар

Бизнесда кеча фойда берган стратегия бугунга келиб натижа бермаслиги мумкин. Йирик оилавий бизнес эгасининг айтишича, 25 йиллик фаолият давомида 8 маротаба трансформация амалга оширилган. Биргина MFactor лойиҳасининг ҳар бир сонида бунга алоҳида эътибор берилади: “Бизда тинимсиз трансформация олиб борилади. Кечаги қўлланмаларимиздан бугун қониқмаслигимиз керак. Ишимиздан қониқиш ҳосил қилсак тўхтаб қолишимиз мумкин.

Бизнесда стратегияни тўғри қўйиш трансформация билан боғлиқ. Шунча йиллик фаолиятимизда ҳар 2-3 йилда ҳам ботиний (ички), ҳам зоҳирий (ташқи) трансформацияни амалга ошириб келамиз.

Трансформация аслида бу кризис дегани. Инқирозга дуч келдингми, ўзгаришинг шарт. Трансформация қилмасанг синасан! Дунё ўзгариши учун аввало ўзимиз ўзгаришимиз зарур”.

Оилавий бизнесда аҳиллик ва оқибат – конституциянинг биринчи моддаси!

Оилавий тарзда тадбиркорликни йўлга қўйиш осон эмас, балки бошқаларига нисбатан мушкулроқ иш. Аммо ўзаро инсонийлик қоидаларига амал қилинса ортиқча кўнгилсизликларга йўл қўйилмайди. Мамасаидовлар оиласининг оилавий кенгашлари доим ёзиб олинади ва шу кунга қадар бирор марта бу ёзувларни қайта кўришга сабаб бўлмаган. Чунки ўзаро қадриятлар доим устувор ҳисобланади.

“Оилавий кенгашимизнинг видеотасмаларга ёзилиши эса биздан кейинги авлодларимиз учун дастур бўлиб хизмат қилсин деймиз. Улар кўриб керакли маълумотлар олиши учун ёзувларни сақлаб қўямиз. Бу биз фарзандларнинг ўртамизда конфликтлар бўлмайди дегани эмас. Аммо шундай вазиятда бошқалар адолат нуқтайи назаридан баҳсга ўрин қолдиришмайди” дея изоҳ беради Ҳасан Мамасаидов.

Бизнесда олинган энг катта зарба – 400 000 долларга тушган 

Бугун етакчи тадбиркорлардан бири бўлган катта Мамасаидов оз эмас, кўп эмас нақ 400 000 АҚШ доллари миқдорида зарар кўргани ва бу пайтда яқинларининг қўллаб-қувватлашгани ҳақида эслаб ўтди.