19:00 / 09.09.2018
5873

БМТ Мисрни «Мусулмон биродарлар» фаолларига нисбатан ўлим жазосини бекор қилишга чақирди

Фото: AFP/ Mohamed el-Shahed

БМТ олий комиссари Мишель Бачалет Мисрни "Мусулмон биродарлар" ташкилотининг 75 нафар етакчи ва фаолларига нисбатан ўлим жазосини бекор қилишга чақирди. 9 сентябрь куни Женевада билдирилган баёнотда у суд адолатли ўтмаганини таъкидламоқда. 

"Умид қиламанки, Миср Кассация суди бу ҳукмни қайта кўриб чиқади ва халқаро адолат стандартларига мувофиқ  уни бекор қилади", - дейди Бачелет. БМТ олий комиссари баёнотида Миср Жиноий суди томонидан 75 нафар маҳкумга эълон қилинган ўлим жазосига нисбатан "ҳаддан зиёд хавотир" акс этиб, бу "адолатли суд натижаси эмас"лиги таъкидланмоқда. Унда дастлаб июль ойида умумий ҳисобда 739 киши олий жазога ҳукм қилингани ёдга солинган.

Бачелетнинг сўзларига кўра, суд давомида ҳукм қилинганларга ягона гуруҳ сифатида қаралган. Уларга судьялар олдида "индивидуал" жавоб беришга имкон берилмаган. Бундан ташқари, уларда "ўз ҳимояси учун далиллар тақдим этиш ҳуқуқи" бўлмаган. 

Шанба куни Миср Жиноий суди 2013 йил ёзидаги зўравонлик ва провокациялар иши бўйича "Мусулмон биродарлар"нинг 75 нафар етакчи ва фаолига нисбатан ўлим жазосини тасдиқлади. Уюшманинг бир неча раҳбари, жумладан, Муҳаммад Ал-Белтажий ва Исом Ал-Арян, шунингдек воиз Сафуат Хижозий шулар жумласидандир. 

2013 йилнинг ёзида собиқ президент, "Мусулмон биродарлар" етакчиларидан бири Муҳаммад Мурсийнинг ҳарбийлар томонидан четлатилишидан кейин унинг тарафдорлари пойтахтнинг икки майдонида исён кўтаришган. Бир неча огоҳлантиришдан сўнг бу акциялар расмийлар томонидан тарқатилди ва бу мамлакатда кўп сонли қурбонларга олиб келди. Шу куни намойишлар тарқатилганидан бир неча соат ўтгач, радикаллар Мирснинг турли ҳудудларида полиция участкалари, давлат муассасалари, черковлар ва оддий фуқароларга ҳужумлар уюштиришган. 

Барча маҳбуслар Кассация судида ҳукм қайта кўриб чиқилишини талаб қилишлари мумкин. Бу орада эса радикалларнинг баъзи етакчиларига нисбатан ҳукм ўқиб бўлинган, шу жумладан ўлим жазоси ҳам. 

Мисрда олий жазо жиноятчини осиш орқали амалга оширилади. Умрбод қамоқ жазоси эса 25 йил озодликдан маҳрум этишни кўзда тутади. 

Top