14:00 / 18.05.2024
57212

Олимлар Миср пирамидалари сирини топган бўлиши мумкин

4 минг йил олдин қурилган Миср пирамидаларининг қандай тарзда қурилгани ҳали ҳам сирлигича қолган. Олимлар бу жумбоқнинг жавобини топган бўлиши мумкин.

Мисрда бундан 4 минг йил илгари қурилган 31 та пирамида, жумладан, дунёга машҳур Гиза мажмуаси ўзининг сир-синоатини сақлаб қолган.

Яқинда тадқиқот ўтказган Шимолий Каролина Уилмингтон университети тадқиқотчилари пирамидалар Нил дарёсининг қачонлардир мавжуд бўлган қадимий тармоғи бўйлаб қурилган бўлиши мумкинлигини аниқлади.

Кўплаб йиллар давомида археологлар мисрликлар пирамидалар учун ишлатилган улкан тошларни ташиш учун яқин атрофдаги сув йўлидан фойдаланган деб ҳисоблаб келган. "Бироқ шу пайтгача ҳеч ким бу сув йўлининг шакли, ўлчами, ҳажми ва пирамидаларга яқинлик даражаси кабиларни аниқлай олишмаган", дейди тадқиқот муаллифларидан бири, профессор Эман Гонейм.

Тадқиқотчилар кўмилган дарё тармоғини топиш учун сунъий йўлдош тасвирлари, тарихий хариталар, геофизик сўровномалар ва чўкиндиларни аниқлаш усулларидан фойдаланишди. Олимлар пирамидаларни қуришга ёрдам берган сув йўли минглаб йиллар олдин қум бўронлари ва йирик қурғоқчиликларда ёпилиб қолган деб ишонишади.

Тадқиқот радар технологиялар ёрдамида қум юзаларини тадқиқ қилиб, яширин тасвирларни аниқлашга муваффақ бўлди. Бу тасвирлар қадимги пирамидалар жойлашган водийдан оқиб ўтувчи кўмилиб кетган ирмоқлардан иборат.

Дарё ирмоғининг мавжудлигини аниқлаш пирамидалар конструкциясини тушунтиришга ёрдам беради. Сув йўли оғир блокларни, ускуналарни, исталган нарсани ташишда хизмат қилган.

Тадқиқотчилар жамоаси араб тилида "Пирамидалар" деган маъно англатувчи "Аҳрамат" деб номланган дарё тармоғини топишди. Унинг узунлиги 64 км, эни 200-700 метр бўлиб, у бундан 3,7-4,7 минг йил олдин қурилган 31 та пирамида ёнидан оқиб ўтган.

Мисрликлар пирамиданинг оғир юкларини кўтаришда дарё энергиясидан инсон меҳнатига қараганда кўпроқ фойдаланган бўлиши мумкин.

Top