Жаҳон | 00:54 / 12.09.2018
33270
3 дақиқада ўқилади

Жангчи Нурмагомедов ва рэппер Тимати ўртасида можаро пайдо бўлди

9 сентябрь куни Тиматига тегишли Black Star мусиқий лейбли ижтимоий тармоқлардаги таҳдидлар сабабли ўзининг икки артисти - Егор Крид ва MC Doni’нинг Доғистонда ўтказилиши керак бўлган концертларини бекор қилди. Концертларни бойкот қилиш ҳақидаги чақириқларнинг аксариятини ММА жангчиси Ҳабиб Нурмагомедов билан боғлашмоқда.

Шоу бекор қилинганидан сўнг Тимати Ҳабибнинг концертларга бормаслик ҳақидаги чақириқларини «аҳмоқона» деб атаган бўлса, спортчи «унга нима қилиш кераклигини қандайдир шайтонлар ўргатмаслиги лозимлигини» ёзди.

Ижтимоий тармоқдаги чақириқлар 
Сентябрь бошидан бери Егор Криднинг Инстаграмдаги саҳифасидаги постларига агарда у Маҳачқалага келадиган бўлса ногиронга айланиши ва ҳаттоки ўлиши мумкинлиги ёзилган изоҳлар пайдо бўла бошлади. «ВКонтакте»нинг доғистонликлар ҳамжамиятларида унинг концертига бормаслик ҳақида чақириқлар тарқалди.  

Сўнгги лаҳзаларда Black Star Егор Крид (9 сентябрь Маҳачқала) ва MC Doni (8 сентябрь Каспийск)нинг концертлари «жойлардаги нотинч вазият» ва «одамларнинг хавфсизлиги нуқтаи назаридан» бекор қилинганини билдирди. Сўнгра Ҳабиб «Катта йўқотиш эмас» дея пост ёзиб қолдирди. 

Ҳабиб туфайли концертлар қолдирилгани борасидаги баҳс

10 сентябрь куни Тимати Инстаграмдаги видеомурожаатида концертларнинг бекор қилиниши Нурмагомедов билан боғлиқ эканлигини билдирди.
У Ҳабибнинг саҳифасида доғистонликлар қандай қўшиқлар эшитишлари кераклиги ҳақидаги маслаҳатларга дуч келганини, аммо москвалик ижрочилар билан маҳаллий артистлар репертуари нимаси билан тубдан фарқ қилишини тушунмаганини айтди.

Нурмагомедов эса бундан буён ҳам ўзини қизиқтирган мавзулар бўйича фикр билдиришда давом этишини ёзди. Жангчи Тимати ёки Крид номини тилга олмади, аммо Доғистон эркакларига республика келажаги учун «аллақандай жўжахўрозлар эмас», айнан улар жавобгар эканликларини эслатиб ўтди.

Нурмагомедов Доғистон халқ мажлисининг фахрий депутати ҳисобланади. Спортчи муҳим воқеалар: масалан, республикада жиноятчиликнинг ўсиши, минтақадаги полициянинг қилмишлари ҳақида ўз фикрини билдирган.

Тимати эса Доғистонда бир неча марта концерт берган. У 2014 йилда Чеченистонда хизмат кўрсатган артист унвонига сазовор бўлган. Республика президенти Рамзан Қодиров уни ўз инисидек кўришини билдирган.

Мавзуга оид