22:35 / 15.09.2018
8368

Андижон ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежида ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган семинар ўтказилди

Таълим муассасаларида ўқувчи-ёшлар ўртасида жиноятчилик, назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишда маҳаллий ҳокимликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда кенг жамоатчилик билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, бу борада юритилаётган таҳлилий маълумотларни ихчамлаштириш мақсадида жорий йилнинг 14 сентябрь куни Андижон ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежида амалий семинар ўтказилди. 

Семинарда иштирок этган касб-ҳунар коллежлари директорлари, ёшларни чақириққа қадар бошланғич тайёрлаш раҳбарлари, психологлар, хотин-қизлар қўмиталари ва Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотлари етакчилари ушбу коллежда эрталаб соат 8:00 да ташкил этилган ўқувчиларнинг эрталабки ритуал маросими жараёни, ўқувчилик либосларининг татбиқ этилганлиги, профилактика дарсларини ўтказиш, спорт тўгараклари машғулотлари ҳамда Ахборот-ресурс марказида ўтказилган китобхонлик тадбирларини кузатдилар. 

Тадбир давомида вилоят прокуратураси, вилоят ИИБ,адлия бошқармаси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан ўқувчилар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва унга қарши кураш юзасидан ахборот алмашишни тартибга солиш, бу борада мавжуд муаммоларни бартараф этиш ҳамда ортиқча маълумотларни талаб этилишига чек қўйиш мақсадида келишилган ҳолда амалиётда юритиш учун ишлаб чиқилган “Касб-ҳунар таълими муассасаларида ўқувчилар ҳақида умумий маълумотлар жамланмасини яратиш ҳамда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг олдини олиш борасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан назорат дафтари”нинг намунаси семинар иштирокчилари муҳокамасига ҳавола этилди.

Муҳокамада ушбу назорат дафтарини юритиш бўйича қўшимча таклифлар ва мулоҳазалар тингланиб, жорий йилнинг 25 сентябридан бошлаб уни амалиётда қўллашга келишиб олинди.

Семинарда иштирок этган вилоят прокуратураси масъул ходими В.Кадиров ва вилоят ИИБ ходимлари вояга етмаган ёшлар ўртасида жиноятчилик, назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишда таълим муассасалари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, профилактика инспекторлари ҳамда ота-оналар билан ҳамкорликда олиб бориладиган ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган долзарб вазифалар юзасидан ҳамкорлик борасида ўз фикрларини билдирдилар.

Семинар якунида кун тартибидаги масаланинг муҳимлигидан келиб чиқиб, ҳар бир касб-ҳунар коллежида вояга етмаган ёшлар ўртасида салбий ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган аниқ чора-тадбирларни белгилаш ва амалга ошириш юзасидан таълим муассасалари директорларига тегишли топшириқлар берилди.

Top