Ўзбекистон | 12:10 / 15.09.2018
16495
2 дақиқада ўқилади

«Очиқлик индекси» рейтинги: Вилоятлар миқёсида Наманган вилояти етакчи, Самарқанд охирги ўринда

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

15 сентябрь куни Ўзбекистонда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти «очиқлиги индекси»нинг навбатдаги рейтинги эълон қилинди.

«Очиқлик индекси» рейтинги 59та давлат ҳокимияти ва бошқаруви органини, жумладан, 22та вазирлик, 11 қўмита, 7 агентлик, марказлар, вилоятлар, Тошкент шаҳри ҳамда Қорақалпоғистон Республикасини қамраб олган. 

Ушбу рейтингдаги учликни Адлия вазирлиги (88,12 балл), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (75,85 балл) ҳамда Марказий банк (66,75 балл) эгаллади. Илк рейтингда 12-ўринда бўлган Соғлиқни сақлаш вазирлиги (64,30 балл) тўртинчи ўринда, илк рейтингда биринчи ўринда бўлган Давлат солиқ қўмитаси (63,56 балл) эса бешинчи ўринда жойлашган.

Энг охирги ўринларни эса Ўзбекистон республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси (26,90 балл билан 43-ўрин), Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги (26,00 балл билан 44-ўрин) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги (15,83 балл билан 45-ўрин) банд этган.

Ҳокимиятлар миқёсида эса Тошкент шаҳри ҳокимлиги яққол етакчи - 72,07 балл билан биринчи ўрин. Вилоятлар миқёсида Наманган вилояти ҳокимлиги 65,82 балл билан биринчи ўринда, кейинги ўринларни 65,42 балл билан Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, 56,30 балл билан Тошкент вилояти ҳокимлиги эгаллаган. Рўйхатнинг қуйи қисмида эса Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши (45,68 балл), Сирдарё вилояти ҳокимлиги (44,86 балл) ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлиги (41,34 балл) ўрин олган.

Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамаси томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, фаолиятини мувофиқлаштириш ва мониторингини олиб бориш бўйича жамоатчилик кенгаши шакллантирилган. Ушбу кенгаш 2016 йилдан бошлаб экспертлар иштирокида давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини мониторинг қилиб, баҳолаш натижаларини ҳар йили икки марта эълон қилишни бошлаган.

Мавзуга оид