Ўзбекистон | 14:00 / 20.09.2018
18522
2 дақиқада ўқилади

АҚШнинг алоҳида топшириқлар бўйича элчиси: Ўзбекистон «қора рўйхат»дан минглаб фуқароларни чиқарди

Минглаб Ўзбекистон фуқаролари экстремистик ташкилотлар аъзоларининг «қора рўйхати»дан чиқариб ташланди ва уларнинг нормал ҳаётга қайтиши республикадаги ижобий ўзгаришлар кўрсаткичига айланди. Бу ҳақда АҚШнинг халқаро диний эркинликлар соҳасидаги алоҳида топшириқлар бўйича элчиси Самуэл Дейл Браунбэк маълум қилди, деб хабар бермоқда Regnum.

Дипломатнинг қўшимча қилишича, АҚШ диний эркинликни тарғиб қилиш, маданий ва анъанавий қадриятларни сақлаб қолиш ҳамда ривожлантиришда кўмаклашиш учун Ўзбекистондаги вазиятни кузатиб бормоқда.

Эслатиб ўтамиз, 18 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Самуэл Браунбэкни қабул қилганди. Ўзбекистон инсон салоҳиятини ривожлантириш, шу жумладан, диний эркинлик ва конфессиялараро тотувликни таъминлаш соҳасидаги конструктив мулоқотга муҳим аҳамият қаратаётгани қайд этилди.

Бундан ташқари, 19 сентябрь куни Шавкат Мирзиёевнинг «Террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги фармони имзоланди. Унга кўра террористик ташкилотларга адашиб кириб қолган фуқароларга қайтиш имкони берилади.

Мавзуга оид