21:30 / 23.09.2018
6042

Бразилия қаҳва плантацияларида мажбурий меҳнат қилаётган ишчиларнинг 18 нафари қулликдан қутулди

Бразилия Меҳнат вазирлигининг терговчилари Минас Гераис штати Пиумҳи шаҳридаги Cureggo das Almas​ фермасида рейд ўтказиб, ферманинг қаҳва плантацияларида қуллик шароитида ишлайдиган 18 нафар ишчини оғир вазиятдан қутқаришди.

Mongabay нашрига кўра, Cureggo das Almas​ фермаси машҳур қаҳвахоналар тармоғи бўлмиш Старбакс томонидан сертификатланган ҳамда етиштирилган қаҳвалар ҳам айнан Старбакс​га етказиб берилади. Айни зиддиятли вазиятдан сўнг, тармоқ раҳбарияти тақдим этилган сертификат ва тузилган шартномани ҳуқуқий жиҳатдан йўққа чиқариш ҳақида бош қотирмоқда.

Фермадаги воқеа юзасидан Бразилия Адлия вазирлиги ҳам текширув бошлаганидан сўнг, Нидерландиянинг UTZ қаҳва саноати бўйича махсус экспертлик гуруҳи мутасаддилари ферманинг номига берилган мукофотни бекор қилишини айтди.

Ўзбекистонда ҳам пахта терим мавсуми бошланиши билан, сўнгги бир ҳафта ичида мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолати бўйича Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ишонч тармоқларига фуқаролардан 110 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушди.

Қайд этилишича, бугунги кунда мазкур мурожаатлар Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекторлари томонидан ўрганилиб, тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Top