13:30 / 25.09.2018
8026

ОАВ: Кремль губернатор сайловларида юқори натижага эришгани учун ЛДПР ва КПРФни жазолайди 

Фото: ТАСС

Россия президенти маъмурияти айрим ҳудудлардаги губернатор сайловларида юқори натижага эришгани учун КПРФ ва ЛДПР партияларини жазоламоқчи. Бу ҳақда Кремлга яқин манбасига таяниб «Ведомости» хабар қилди. Манбанинг айтишича, ҳукумат бу партиялардан «ғазабда».

Нашр манбасининг сўзларига кўра, Кремль жазолашнинг бир нечта йўлларини кўриб чиқмоқда. Улар орасида КПРФ ва ЛДПР учун сайловларда ҳудудлар ажратмаслик ва маҳаллий депутатларнинг имзоларини йиғиш босқичида ёрдам бермаслик каби режалар мавжуд.

Владимир областида ЛДПР номзоди Владимир Сипягин сайловларнинг иккинчи турида 57% овоз олиб, амалдаги губернатор Светлана Орлова устидан ғалаба қозонди. Хабаровск ўлкасида либерал-демократ Сергей Фургал 69,6% овоз билан амалдаги губернатор Вячеслав Шпортга имконият қолдирмади. Шунингдек, Хакасияда бўлиб ўтадиган иккинчи тур сайловларида ҳам коммунист “единоросс”чи билан кураш олиб боради.

КПРФ ва ЛДПР Владимир области, Хабаровск ва Хакасияда коалицион ҳукумат шакллантириши ҳақида эълон қилганди. «Ведомости»нинг билдиришича, Кремль бу хабарни изоҳламаган.

Top